Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Оилавий даромадимиз шу қўйлардан” — Ҳожи онанинг барака келтираётган ораста қўчқорлари
Инсон қайсидир соҳа ёки ҳунарга меҳр қўйса, ҳалол меҳнат қилса, Яратган баракасини беради ва у албатта ўз меҳнатининг самарасини кўради. Андижоннинг Избоскан тумани Урганжи қишлоғидаги Умрзоқовлар хонадонида бўлганимизда ҳақиқий меҳнат ортидан келган фаровонликнинг гувоҳи бўлдик.
70 ёшли Мавлудахон ҳожи она хонадондаги мўъжаз қўйхонада доимий равишда 20 бош қўчқор парваришлаб келади.
Қўйхона қўчқорларни боқиш учун зарур шароитларга эга ҳолда қурилган экан. Иккитадан қўй сиғадиган кабинасифат қўралар жониворларнинг ем-озуқа ейиши, сув ичиши, бемалол ҳаракатлана олиши учун қулай қилиб қурилган.


Қўй қийларининг ҳиди қўшниларга озор бермаслиги ҳисобга олиниб, қўра томидан 5 метрлик ҳаво тозалагичлар ҳам ўрнатилган.
Қўйнинг кунлик ахлати қўра остидан оқиб, гўнгхонага тушади. Шунинг учун қўйхонада ўзига хос ҳидни сезмайсиз. Дуркун қўчқорлар Қурбон ҳайити яқинлашиб қолганини ёдингизга солади.


“Қўй жуда ажойиб жонивор. Тонг саҳар туриб қўрага кирганимда ҳаммаси туриб салом беради. Буни кўриб кайфиятим кўтарилади. Жониворларнинг покизалигини айтинг...
Оиламиз 8 йилдан бери мана шу иш билан шуғулланади. Бир кунда қўйларга 2-4 килодан ем, ўт-хашак берамиз. Уйда фарзандларим, невараларим давлат ишларида ишлайди. Ишга кетишдан олдин қўйлардан хабар олиб, парваришлашади. Мен уларга бош бўлиб, ем-суви вақтида берилишини назорат қилиб тураман.


Хонадонимиз даромади мана шу қўйлардан. Шу қўчқорларнинг орқасидан уй-жой қилдик, мен Ҳажга бориб келдим, тўйлар қиляпмиз. Меҳнат қилган кам бўлмайди экан. Қишлоғимиз одамларига ҳам қўй боқишни тинмай тарғиб қиламан. Ҳозир атрофимизда қўй боқадиган кўпайиб қолди”, дейди Мавлудахон Умрзоқова.
Ҳожи онанинг қўчқорлари ҳеч бозорга чиқмаган. Сабаби, сифатли боқилган қўй ва новвосларни харидори жойидан олиб кетади. Онанинг турмушга чиққан қизлари ундан ўтиб кетибди. Катта қизи хонадонида 40 бошдан ортиқ қўчқор боқар экан.
Биз албатта қўчқорлардан келадиган даромад билан қизиқдик.


“Қўчқорларни бозордан емлашга тайёрини сотиб оламиз. Нархи ўртача 2,3 миллион сўм атрофида бўлади. Ёш қўчқорларни олган билан боқиш қийин: қўй нозик, тез касал бўлади. Шунинг учун каттароғини оламиз. 7-8 ой боқамиз. Қўчқорлар етилиб, думбаси катта бўлиб, ҳатто думбасини кўтара олмайдиган бўлиб кетади. Сўнг қассоблар ўзлари келиб, олиб кетишади. 5 миллион сўмдан кам сотмаймиз.
Шу зайлда ишимиз давом этаверади. Йилига қанча даромад топишимизни ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.

Мана ҳозир яна 35 бош қўй учун жой қуряпмиз. Мақсад – даромадни янада кўпайтириш. Аввало, буларнинг барчаси ҳалол меҳнат орқали келаётган баракада деб биламан”, – дейди суҳбатдошимиз.
Оила қўйлар учун ем-озуқани ёзда тайёрлаб қўяди. Фермер хўжаликларидан макка пояси ва бошқа хашакларни улгуржи сотиб олади. 5 хил турдаги ем омборхонада ғамлаб қўйилган.
Хонадондаги томорқа ҳам ҳавас қилса арзигулик. Унда рўзғор учун зарур барча сабзовотлар экилган. Йилига 1 тонна картошка олинар экан.

Ҳожи она оиласидаги ўзбекона тутум ва меҳнат ортидан келаётган фаровонлик кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатишга арзийди.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов