Тунги соат бир бўлишига қарамай, касалхона ҳовлиси гавжум эди. Вилоят ва туман мутасаддилари ҳам шу ерда экан.

“6 июнь куни Қўрғонтепа туман марказидаги фаст-фуд маҳсулотлари дўконида бир неча фуқаролар овқатланган ва соат 14 ларда Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 2 нафар бемор кўнгил айниши, бош оғриғи аломатлари билан мурожаат қилган. Соат 17 ларга бориб ўша овқатланиш шохобчасида таом истеъмол қилган бошқа беморлар ҳам касалхонага келишни бошлаган. 10 нафар бемор аниқ оғриқлар билан келган бўлса, улар билан бирга овқатланган оила аъзолари ҳам ўзини текширтириш учун келишди.

Айни пайтда юқумли касалликлар бўлимига 27 нафар бемор ётқизилган. Биз уларни тўлиқ назоратга олдик. Беморлар орасида икки нафар 2 ва 7 ёшли болалар ҳам бўлиб, уларга алоҳида кузатув ҳолатида муолажа қилинмоқда. Барча беморларнинг ҳолати стабил. Касал бўлганларда – кўнгил айниши, бош оғриғи ва ич кетиши ҳолатлари кузатилди”, - дейди Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдукарим Абдуваҳобов.

Касалликка сабаб бўлган омилларни аниқлаш мақсадида FRESH FOOD 2020 оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шохобчасида эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу корхонага қарашли 3 та овқатланиш шохобчаси фаолияти шу куннинг ўзида вақтинчалик тўхтатилган ва маҳсулотлар тайёрлаш хонаси хамда омборхонадаги маҳсулотлардан намуналар олиниб, лаборатор текшириш учун юборилган.

Элмурод Эрматов, Азизбек Исмоилов