Жаҳон | 17:00 / 11.07.2022
19508
2 дақиқада ўқилади

Украина мудофаа вазири: Зеленский жанубни қайтариб олишни буюрди

Украина мудофаа вазири Олексий Резниковнинг маълум қилишича, мамлакат Ғарб қуроллари кўмагида жанубдаги ҳудудларни қайтариб олиш учун 1 миллион кишилик қўшин йиғмоқда.

Фото: Picture Alliance

Украина 1 миллион кишилик қўшинни тўпламоқда, унинг вазифалари Ғарб томонидан етказиб берилган қуроллар ёрдамида мамлакат жанубидаги Украина ҳудудларини Россиядан қайтариб олишни ўз ичига олади. Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Олексий Резников 10 июль, якшанба куни чоп этилган The Times газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Резниковнинг сўзларига кўра, президент Володимир Зеленский украиналик ҳарбийларга Қора денгиз соҳилидаги Украина иқтисодиёти учун муҳим бўлган босиб олинган ҳудудларни қайтариш бўйича кўрсатма берган. 

«Биз сиёсий нуқтайи назардан бу (жанубнинг қайтиши) мамлакатимиз учун ниҳоятда зарур эканлигини тушунамиз», — деди Олексий Резников. Унинг аниқлик киритишича, Зеленский тегишли режаларни ишлаб чиқиш буйруғини берган, шундан сўнг Мудофаа вазирлиги раҳбари қурол олиш учун бир қатор давлатлардаги ҳамкорлар билан боғланган. 

Олексий Резниковнинг таъкидлашича, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Киевга совет техникасини етказиб беришдан НАТОнинг ялпи ўт очиш реактив тизимлари ва юқори технологияли дронлар орқали бошқарилувчи, калибри 155 мм бўлган ўқ-дорилар билан ишловчи стандарт артиллериясига ўтишга ёрдам берди.

«Украинада ўттиз йиллик қуролларга эга совет давридан қолган қуролли кучлар бор эди. Биз буни уч ой ичида ўзгартирдик», - деди мудофаа маҳкамаси бошлиғи. 

Вазирнинг қўшимча қилишича, Украинага НАТОдан ҳамкорлар томонидан кўрсатилаётган ёрдамдан мамнун, аммо қурол етказиб бериш тезлиги ҳамон анча суст. «Аскарларимиз ҳаётини сақлаб қолиш учун қисқа вақт ичида бизга кўпроқ қурол керак», — деди Резников. 

Аввалроқ, 20 июнь куни Украина мудофаа вазири Россия билан муносабатларни қайта тиклаш бўйича мулоқот шарти сифатида Россия Федерациясининг «ҳеч бўлмаганда Европа қисмини демилитаризация қилиш»ни кўрсатган эди. 

Мавзуга оид