Жиддада Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларини бирлаштирган Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммити ўтказилади. Унда Миср, Ироқ ва Иордания раҳбарлари ҳам иштирок этади.
Ҳеч бир муболағасиз, Яқин Шарқдан узоқлардаги кучлар тақсимоти Байденнинг Ар-Риёд билан музокаралари натижасига боғлиқ.
Кўплаб экспертлар фикрича, америкаликлар президенти минали майдон бўйлаб ҳаракатланишига тўғри келади: ҳар қандай хато қадам ташланиши халқаро майдонда ҳам, мамлакат ичкарисида ҳам резонанс келтириб чиқаради.
Байден ҳокимиятга келгач, Яқин Шарқ Америка ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари доирасидан четга чиқди. Аммо бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеалар Оқ уй аниқ шошилганини кўрсатмоқда.
Украинадаги уруш, россияликларнинг нефт ва газ билан шантаж қилиши, энергия нархлари ошиши, Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик туғилаётгани - Жо Байденнинг Яқин Шарққа ташрифи шундай фонда амалга оширилмоқда.
Тақдир ҳазилини қарангки, бу муаммоларнинг бир қисмини ҳал қилиш учун у Саудия Арабистонига йўл олишига тўғри келмоқда - бу мамлакат яқинда халқаро майдонда яккаланиб қолиш хавфи остида қолаётганди.
Байден мураккаб вазиятда

NATHAN HOWARD/GETTY IMAGES
Бир томонда Россия жаҳон нефт ва газ бозорини остин-устун қилаётган, иккинчи томонда Эрон ядро қуролини яратишга яқин келган бир вазиятда Ар-Риёд Байденга сув ва ҳаводек зарурдир.
Ресурсларга бой, қолаверса Теҳрон билан душман кайфиятда бўлган Саудия Арабистони Вашингтонга энергетика ва хавфсизлик соҳасидаги вазиятни барқарорлаштиришда катта ёрдам кўрсатиши мумкин, аммо у ердагилар Байден ўз президентлик пойгасида айтган гапларни унутишмаган.
У журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши учун Ар-Риёдни жазолашга ваъда берган, Америка разведкаси маълумотларига кўра, бу жиноятга «қиролликдаги энг юқори мартабали шахслар» алоқадорлигини айтганди.
Хусусан, у мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини, айниқса мудофаа соҳасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишни ваъда қилганди. Шунингдек ўз партиядошлари ва сайловчиларини ушбу минтақада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни тартибга келтиришига ишонтирганди.















