“Ўзгидромет” раҳбари Шерзодхўжа Ҳабибуллахўжа шошилинч ахборот билан чиқиб, республика ҳудудига 17–22 июл кунлари Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши, шу сабабли ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилиши ҳақида огоҳлантирди.

Унга кўра, иссиқ ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида кундуз кунлари ҳаво ҳарорати қуйидагича кўтарилади:

  • Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 44-47 даражагача;
  • Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида 42-45 даражагача;
  • Фарғона водийси вилоятларида 41-43 даражагача.

Статистик рақамларга кўра, агар Тошкентда ҳарорат 45 даражага чиқса, бу 1870 йилдан кейинги даврнинг мутлақ рекорди бўлади.

Июн ойи охирида Ўзбекистон аҳолиси кучли иссиқнинг биринчи тўлқинини бошдан кечирди. “Ўзгидромет” хабарига кўра, 27–28 июн кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 29 июнда ҳудудлар катта қисмида иссиқ максимал даражага етган. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари айрим туманларида июн ойи учун максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилган.

Кунларнинг аномал даражада исиб кетиши ўз-ўзидан кондиционер ва совитиш қурилмаларига бўлган эҳтиёжни оширади, электр энергияси билан ишлайдиган бундай жиҳозлардан ёппасига фойдаланиш эса энергетика тармоғига юклама ортиб кетишига олиб келади. Хўш, тизим бундай босимга тайёрми?

Узилишлар

Кейинги кунларда Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида энергия таъминотида узилишлар кузатила бошлади. Тўғри, узилишлар ҳозирча узоқ вақт давом этаётгани йўқ, аммо шу каби ҳолатлар ҳали аномал иссиқ қайтмай туриб, тармоқ кучланишга чидаб бера олмаётганига ишора қилмоқда.