Брюсселда Албания ва Шимолий Македония билан Европа иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралар бошланмоқда. «Ҳар икки давлат фуқаролари ҳам бунга лойиқдир», деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 19 июль, сешанба куни Албания ва Шимолий Македония бош вазирлари Эди Рама ва Димитар Ковачевски билан қўшма матбуот анжуманида

Ўз навбатида, Ковачевски унинг мамлакати ЕИга аъзо бўлишга тайёрлигини ва НАТОга қандай интеграциялашгани каби «Европа иттифоқига ҳам эрта интеграциянинг ижобий намунаси бўлишни» исташини таъкидлади. Албания бош вазири фон дер Ляйенга, шунингдек, Германия собиқ канцлери Ангела Меркелга миннатдорчилик билдирди. Иккала немис сиёсатчиси ҳам Болқон учун «тинимсиз курашган», деб тушунтирди Рама. 

Айни пайтда Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел икки давлат билан музокаралар бошланишини нафақат ўзлари, балки Ғарбий Болқон ва бутун Европа иттифоқи учун ҳам таъсир кўрсатадиган «катта ютуқ» деб атади. У Скопье номзодлик мақомини 17 йил аввал олганини, ўшандан бери кўп ишлар қилинганини эслади. 

«Биз буюк геосиёсий ўзгаришлар, тектоник ўзгаришлар даврида яшаяпмиз... Шубҳасиз, тарих чорраҳасида турибмиз ва геостратегик муҳитдаги ўзгаришларнинг гувоҳи бўляпмиз, сиз эса унинг бир қисмисиз», — деди Боррел. Унинг таъкидлашича, европаликлар фақат «Ғарбий Болқон билан Европа иттифоқига тўлиқ интеграциялашган ҳолда бирга олға силжиши» мумкин, бу уларсиз тўлиқ бўлмайди. 

Бир неча кун аввал Шимолий Македония ҳукумати Болгариянинг Европа иттифоқига аъзолигига эътирозларини олиб ташлаш учун мамлакат конституциясига ўзгартириш киритишга рози бўлди. Июнь ойи охирида Болгария парламенти Европа иттифоқи ва Шимолий Македония ўртасида музокаралар бошланишини маъқуллади ва шу билан 2020 йилда София ҳукумати томонидан ўрнатилган блокадани бекор қилди, бироқ Албаниянинг ЕИга кириши бўйича музокараларга тўсқинлик қилди. 

София қарорида бир қатор шартлар мавжуд бўлиб, улар орасида Шимолий Македониядаги болгарлар озчилигининг ҳуқуқларини конституцияга ўзгартиришлар киритиш орқали ҳимоя қилиш, шунингдек, Скопьенинг Болгария билан яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш мажбурияти бор. Бу муроса ҳозирда Европа иттифоқига раислик қилаётган Франция томонидан таклиф қилинган. 

Шимолий Македония 2005 йилда, Албания 2014 йилда Европа иттифоқига номзод мақомини олди. Европа иттифоқига аъзолик бўйича музокаралар узоқ вақтдан бери давом этмоқда, томонлар атроф-муҳит қонунчилигидан коррупцияга қарши курашгача бўлган 35 хил мавзуни муҳокама қилмоқда.