Жаҳон | 18:32 / 19.07.2022
5153
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ коронавирусга қарши эмланиш ва ниқоб тақишга чақирди 

Ўтган ҳафтада Европада коронавирус юқтириш билан боғлиқ қарийб 3 млн ҳолат аниқланган – бу бутун дунёдаги янги касалланиш ҳолатларининг деярли ярми ҳисобланади.

Фото: Reuters

Европа мамлакатлари COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари ўсаётгани сабабли эпидемиологик назоратни кучайтириши ва ҳимоя чораларини кўриши керак, деди ЖССТнинг Европадаги минтақавий бюроси раҳбари Ҳанс Клюге.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда BA.2 ва BA.5 омикрон-штаммлари чақирган янги тўлқин кузатилмоқда.

ЖССТнинг маълумот беришича, Европада охирги олти ҳафта ичида COVID-19га чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар уч бараварга кўпайган. Ўтган ҳафтада қарийб 3 млн янги ҳолат қайд этилган - бу бутун дунёдаги янги касалланиш ҳолатларининг деярли ярми ҳисобланади.

Ташкилот кузда мактаблар очилиб, одамлар таътилдан қайтганидан сўнг шифохонага ётқизилиш даражаси ҳам ўсишини кутмоқда.

Шу боис ЖССТ минтақавий бюроси COVID-19 бўйича кузги-қишки стратегияни тайёрлади.

Унга кўра, аҳолини эмлаш миқёси кенгайтирилади, беш ёшдан катта болалар ва заиф иммунитетга эга одамлар бустер доза билан эмланади, бинолар ичида ва жамоат транспортида ниқоб тақиш тавсия этилади.

Ташкилотнинг маълумотига кўра, ўтган суткада дунё бўйича 377 мингта янги ҳолат қайд этилган.

Мавзуга оид