14:21 / 20.07.2022
4976

Бино ва иншоотлар ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш тартиби маълум қилинди

Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш тартиби тўғрисида маълумот берилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” каналида тегишли ахборот эълон қилинди.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказларига мурожаат этади ёки хизматдан электрон шаклда фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да рўйхатдан ўтади.

Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.

Сўровнома тўлдирилиб, унга бино ва иншоот фасадининг электрон кўринишдаги эскиз лойиҳаси илова қилинади.

Туман (шаҳар) қурилиш бўлимлари (ваколатли орган)га бино ва иншоотнинг деворлари режаси, кесими (мавжуд бўлса), фасад ва кадастр паспорти нусхаси электрон шаклда юборилади.

Ваколатли орган 5 иш куни мобайнида жойига бориб бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш имкониятини ўрганиб чиқади.

Бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиб берган куннинг ўзида келишилган лойиҳа эскизи электрон шаклда Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига ЯИДХП орқали юборилади.

Тартиб бино ва иншоот ҳажми ва майдонини ўзгартирмасдан туриб кўча (кўчалар)дан кўринадиган олд ва ён фасадлар (фасад майдонининг 25 фоизидан ортиқ қисми)даги архитектуравий элементлар (цоколи, қуёшдан ҳимоялаш элементлари, парапетлари, устунлари, томи, деразалари, пешайвони, айвонлари ва шу кабилар)нинг ранги, конфигурацияси ва ўлчамлари ўзгартирилишига татбиқ этилади.

Бино ва иншоот, якка тартибдаги уй-жой ташқи кўринишини ўзгартириш бўйича агар бино ва иншоот, якка тартибдаги уй-жой магистрал кўчалар, халқаро, давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўллари бўйлаб жойлашган ҳолларда фасад майдони 25 фоизидан ортиқ қисмидан қатъи назар келишиш талаб этилади.

Якка тартибдаги уй-жойлар, туманлар маъмурий маркази бўлмаган шаҳарчаларда, қишлоқ аҳоли пунктлари (қишлоқ ва овуллар)да ҳамда аҳоли пунктлари ташқарисида жойлашган бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш учун келишиш талаб этилмайди.

Хизматни кўрсатиш муддати: 5 иш кунида. Хизмат нархи: БҲМнинг 50 фоизи миқдорида – 150 минг сўм; Ягона портал орқали топширилганда миқдор – 135 минг сўм.

Top