
Каттақўрғон тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов 2021 йил 10 июн куни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этганди.
2022 йил 18 июл куни Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши қайта кўриб чиқилиши керак эди. Аммо суд бошланишидан олдин томонлар ўртасида жанжал юзага келган. Бунинг оқибатида Азиз Аҳмедовнинг опаси ва укаси тан жароҳати олган.

Марҳум солиқчининг укаси Аслиддин Аҳмедовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, жанжал ўриндиқ сабабли келиб чиққан.
“2022 йилнинг 18 июл куни Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида марҳум акам Азиз Аҳмедов билан боғлиқ жиноят иши қайта кўриб чиқилиши керак эди. Биз суд залига кирганимизда судланувчилар ва уларнинг қариндошлари ўтиришган экан. Шунда жой масаласида муаммо чиқиб, судланувчи Шаҳбоз Раҳимбердиев амаким Исомиддин Жамолов билан тортишаётганини кўриб қолдим. Уларга яқинлашганимда Шаҳбоз Раҳимбердиевнинг отаси юзимга мушт туширди. Шу тариқа жанжал чиқди, судланувчилар ва уларнинг яқин қариндошлари биргалашиб менга ташланишди. Мени қутқариш учун вазиятга аралашган опам Шоҳида Аҳмедова судланувчи Меҳриддин Қўчқоровнинг мушт тушириши оқибатида ҳушидан кетди”, — дейди Аслиддин Аҳмедов.

Тан жароҳати олган Шоҳида Аҳмедова Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиалига ётқизилган. Ҳозирда у мазкур шифохонада даволанмоқда.


Беморга бош мия ёпиқ жароҳати ва бош мия чайқалиши дастлабки ташхиси қўйилган.
















