Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев Kun.uz'га берган интервюсида Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик, Европа санкциялари остида қолган Россия иқтисодиёти ва бунинг Марказий Осиё давлатларига таъсири борасида ҳам фикрларини билдириб ўтди.

Дониёр Ғаниев мавзу борасидаги фикрлари давомида аввало ЕОИИ ва ЖСТ айрим таҳлилчилар айтаётгани каби бир-бирига қарши ташкилот эмаслиги ҳақида гапирди.

“Кўпчиликда шундай тушунча бор, гўёки Жаҳон савдо ташкилоти ва Евросиё иқтисодий иттифоқи бир-бирини инкор қилувчи ташкилот.

Бунда одамлар бир ташкилотга аъзолик иккинчи бир ташкилотга аъзоликнинг йўлини тўсади, деб ўйлашади. Шу нуқтайи назардан, таҳлилчилар орасида ҳам қайси ташкилотга биринчи аъзо бўлиш керак мавзусида дилемма кетаётгандек”, – деди у.

Шу билан бирга депутат сайт мухбирининг Ўзбекистоннинг ЖСТдан аввал ЕОИИга аъзо бўлиши унинг ЖСТга кириш борасидаги ҳаракатларини мантиқсиз қилиб қўймайдими, деган саволини ҳам инкор қилмади.

“Мантиқсиз қилмайди-ю, лекин қийинлаштириб юборади. Қайси маънода?

Ҳозир ЖСТ билан кўп томонлама музокараларимиз кетяпти. Бунда ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистоннинг ташқи савдо, солиқ, божхона маъмурчилиги каби кўплаб жиҳатлари ўрганилади. Айни шу ўрганишлар натижасида фактологик хулосалар ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳга техник жиҳатлар, интеллектуал мулк ва бошқа кўплаб соҳалар бўйича ҳам маълумотлар берилган. Ҳозир бу жараёнлар давом этяпти. Айни пайтда биз 40 га яқин давлат билан музокаралар ўтказяпмиз, шартномалар келишилмоқда.

Шу каби талаб, келишувлар ЕОИИ билан ҳам бўлади. Бу ташкилот ҳам бизга ўз талабларини қўяди. Бу талаблар қайси маҳсулотларга қўшимча тарифлар пайдо бўлиши ёки қайси давлатлар билан алоқаларга чекловлар бўлиши мазмунида.

Агар Ўзбекистон аввал ЕОИИга аъзо бўлиб, кейин ЖСТга киришга ҳаракат қилса, бу жараён қийинроқ бўлади. Чунки ЖСТнинг талаблари ЕОИИда олган баъзи мажбуриятларимизга зид келиб қолиши мумкин. Лекин ҳозир ЕОИИга аъзо давлатларнинг деярли барчаси ЖСТга ҳам аъзолигини кўришимиз мумкин.

Шу нуқтайи назардан биз учун аввал ЖСТга кириб, кейин ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш тўғрироқ бўлади.