Тошкент йўллари ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай эмаслиги, шаҳарда тўсиқсиз муҳит яратилмаганига ҳамма ҳам эътибор беравермайди. Чунки аксар саломат одамлар барчамиз каби тенг ҳуқуқларга эга ногиронлар ҳақида йилда бир-икки марта, ногиронларни кўргандагина ўйлаши мумкин. Кўчаларда эса ногиронларни деярли учратмайсиз. Йўқ, ногиронлар камлиги учун эмас, уларга кўчаларда ҳаракатланиш учун шароит йўқлиги сабаб.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қозоғистонда амалдорлар йўл қурувчилари билан бирга ногиронлар аравачасига ўтириб, кўчалар ногиронлар учун қанчалик қулайлигини кўздан кечириши тасвирланган видео одамлар орасида кенг муҳокама қилинди.

Биз ҳам мана шу видеодан илҳомланиб, мансабдор шахслар билан бўлмаса-да, бир неча йиллардан бери аравачада ҳаракатланувчи қаҳрамонимиз Фаррух Абдураҳмонов билан пойтахт кўчаларида бўлдик.

15 йилдан буён аравачада ҳаракатланаётган суҳбатдошимизнинг айтишича, шу вақтгача Тошкент кўчалари ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилмаган: «Мен ёрдамчимсиз кўчага чиқа олмасдим. Аёлим ҳам деярли ташқарига чиқмайди, чунки у ҳам аравачада юради ва кўчага чиқиши учун 3-4 киши ёрдам бериши керак», дейди қаҳрамонимиз.

Фаррух Абдураҳмонов билан турли манзилларда бўлдик. Илк тажриба Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида Ислом ота масжидига етмай жойлашган ерусти ўтиш йўлида бўлди.

Ислом ота масжиди яқинидаги пандус

Мазкур йўл ўтказгичи деярли стандартларга мос равишда қурилган, унга зиналар ва пандуслар ўрнатилган. Аммо афсуски, аравачада ҳаракатланадиган инсоннинг чиқиши учун қулай эмас. Ногирон инсон бировнинг ёрдамисиз йўлнинг нариги тарафига ўта олмайди. Фаррух Абдураҳмонов бу пандусга 3 дақиқа 47 сония деганда чиқа олди. Шунда ҳам ёлғиз ўзи эмас, бошқа инсоннинг кўмаги билан.

«Бу пандуснинг усти ёпилмаган, ногиронлар қор ёки ёмғирда ундан чиқолмайди, сирпанчиқ бўлиб қолади. Шунча пул сарфлагандан кўра, муаммони битта лифт билан ҳал қилса бўларди. Ногирон инсон бу пандусга чиққандан кўра, йўлни кесиб ўтишни маъқул кўради», дейди суҳбатдош.

Кейинги манзил халқ тилида «Ганга» деб аталадиган Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасидаги ерусти ўтиш йўли бўлди. Аввалига лифтда кўтарилмоқчи бўлдик, аммо эшик қулфланганди. Кейин суриштирсак, анча олдин лифтлар бу ўтказгичнинг икки томонидан ҳам олиб ташланган, сабаблари эса номаълум. Айни вақт лифт учун ажратилган жой кичик тадбиркорлик субъектига айлантирилган.