Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари вақти яқинлашмоқда. Давлат тест марказига кўра, бу йилги тест синовлари 8 августдан бошланиши режалаштирилган.

Ижодий баҳолашни талаб қиладиган йўналишларда эса саралаш жараёнлари аллақачон бошланиб кетган. Жумладан, бир неча кундан буён журналистлар, ташкилот ва вазирликларнинг матбуот котиблари Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида абитуриентлар билан бўлаётган саралаш суҳбат жараёнлари ҳақидаги хулосаларини тармоқлардаги саҳифаларида ёзиб боришмоқда.

Фикрларни ўқиркансиз, тажрибали журналистлар, матбуот котиблари соҳага қадам қўйиш ниятида бўлган ёшларнинг билим ва дунёқарашидан қониқмаётганини сезасиз.

Масала бевосита ўзбек мактаб таълими, уни битириб чиқаётган ёшларнинг билими, дунёқарашига бориб тақаларкан, бу ҳақдаги фикрларини чуқурроқ ифодалаб беришини сўраб, экспертларнинг ўзига юзландик. 

Қобилбек Каримбеков, сиёсий шарҳловчи

— Яқинда Журналистика университетига ҳужжат топширган абитуриентларни суҳбат асосида саралаб олишга ёрдам бериш учун мен каби 30га яқин журналистни эксперт сифатида чақиришди.

Мен ўзимнинг суҳбатимдан ўтган йигит-қизларни 3та категорияга бўлган бўлардим. Биринчиси – ҳақиқатда кучли, билимли битирувчилар. Абитуриентлар ичида бундай болалар ҳам бор ва мен уларга, уларнинг ота-онаси, устозларига раҳмат айтаман.

Иккинчиси – ўртамиёналар. Бундай болалар ҳам бор.

Учинчиси эса мени жуда қаттиқ хафа қилган билимсиз болалар тоифаси.

Афсуски, абитуриентлар ичида ана шу учинчи тоифадаги битирувчилар жуда кўп. Улар энг оддий саволларга ҳам жавоб бера олишмаяпти. Бу фақат менинг фикриммикин, дея бошқалар билан ҳам гаплашиб кўрдим. Йўқ, ҳамманинг фикри шундай. Ҳамма нолияпти битирувчилардан.

Бизга абитуриент билан қайси йўналишларда гаплашиш, билимини синаш бўйича йўриқнома берилганди. Саволларда шу йўриқномадан келиб чиқдик. Уларга мураккаб савол берганимиз йўқ.

Афсуски, ёшларимизнинг катта қисми шу элементар қилиб тузилган саволларга жавоб беролмаяпти. Уларнинг дунёқараши жуда тор. Абитуриентлар кирсам кирарман, бўлмаса, йўқ, қабилида ҳужжат топширишган. Уларда юрак ёнмаяпти.