Жамият | 17:13 / 06.08.2022
41817
1 дақиқада ўқилади

Жиззахда содир бўлган ЙТҲда 4 киши ҳалок бўлди

Қашқадарё вилоятида яшовчи ҳайдовчи Isuzu юк машинаси рулида ухлаб қолиб, бошқарувни йўқотган ва рўпарадан келаётган Nexia-2 билан тўқнашган. Оқибатда Nexia-2даги 4 киши ҳалок бўлган.

5 август куни 4Р-36 Жиззах-Фориш автомобил йўлининг Фориш тумани ҳудудидан ўтган 46-километрида мудҳиш ЙТҲ рўй берди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 1976 йилда туғилган, Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи шахс бошқарувидаги Isuzu Жиззах–Фориш йўналишда ҳаракатланиб кетаётганда ҳайдовчи ухлаб қолган.

Натижада юк машинаси қарама-қарши йўналишдан келаётган, Фориш туманида яшовчи шахс бошқарувидаги Nexia-2 машинасига урилган.

Оқибатда Nexia-2 ҳайдовчиси ва унда йўловчи сифатида кетаётган уч нафар йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

UPD. Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати Kun.uz'га воқеада дастлабки хабарда айтилганидек 5 киши эмас, 4 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид