Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аркадий Дворкович Халқаро шахмат федерацияси президенти этиб қайта сайланди
РФ бош вазирининг собиқ ўринбосари Ҳиндистонда бўлиб ўтган ФИДE конгрессида ишончли ғалаба қозонди. Сайловда ютқазган унинг украиналик рақиби Андрей Баришполец Дворковични Москва «ҳарбий машинаси»нинг бир қисми деб атаган.
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) конгрессида Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари Аркадий Дворкович ФИДE президенти этиб қайта сайланди. Коронавирус пандемиясига қарши курашда моҳир менежер сифатида обрў қозонган ва Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли Россия халқаро спортдан четлатилганидан кейин дадил қарорлар қабул қилган Дворкович 179 та миллий шахмат ассоциациясидан 157 таси томонидан қўллаб-қувватланди, деб хабар берди ФИДE 7 август, якшанба куни Twitter’даги микроблогида.
Шахмат бўйича беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд Дворковичнинг янги ўринбосари этиб сайланди. Дворковичнинг рақиби, шахмат бўйича жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсеннинг мураббийи Петер Хейне Нильсен билан бирга курашган украиналик Андрей Баришполец бор-йўғи 16 та овоз олди. Конгресс иштирокчиларининг беш аъзоси бетараф қолди ва бир овоз бекор қилинди.
Овоз бериш арафасида Баришполец Аркадий Дворковични кескин танқид қилиб, уни Москва «ҳарбий машинаси»нинг бир қисми деб атади. «Сиз, Аркадий, ҳозир Украинада содир бўлаётган воқеалар учун масъулсиз. Сиз Россия ҳукумати ва Россия ҳарбий машинасини шакллантириш учун жавобгарсиз. Қандай қилиб биз, шахмат олами, бунга йўл қўя оламиз?» — деди у.
Бироқ, Дворкович «Украинадаги фожиали воқеалар бўйича қатъий позицияни эгаллашини ва кенгашнинг Россиянинг ФИДEдаги иштирокини қисқартириш бўйича барча қарорларини қўллаб-қувватлашини» айтди. Март ойида Дворкович Россиянинг Украинага бостириб киришини билвосита танқид қилиб, Америка ОАВдан бирига берган интервьюсида «хаёлан Украина тинч фуқаролари билан бирга» эканини айтган эди. «Урушлар нафақат қимматбаҳо ҳаётни ўлдиради. Урушлар умид ва интилишларни ўлдиради, муносабатлар ва алоқаларни музлатиб қўяди ва йўқ қилади», деди у.
Кейинчалик Дворкович ўз позициясини тўғрилаб, «нацизмга ва баъзи мамлакатларнинг бошқалар устидан ҳукмронлигига ўрин йўқ» деб маълум қилди. Бу сўзлар Украина гўёки нацистлар томонидан бошқарилаётганини даъво қилаётган ва ғарб давлатларини Украинани Россия таъсир доирасидан чиқаришга қаратилган маккорона уринишларда айблаётган Кремлни қўллаб-қувватлашнинг яширин ифодаси сифатида кўрилди, деб ёзади AFP.
Мавзуга оид
19:23 / 17.04.2026
Президент Синдоровга «Меҳнат шуҳрати» орденини шахсан топширди
18:33 / 15.04.2026
Синдоров турнирни яна бир рекорд билан якунлади
16:31 / 15.04.2026
“Ғурурланаман, сен қаҳрамонимизсан” — Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдоровни шахсан табриклади
12:05 / 15.04.2026