Жамият | 15:37 / 08.08.2022
19168
2 дақиқада ўқилади

Интернетда тест саволларининг сурати тарқалган абитуриент имтиҳондан четлатилган — ДТМ

8 август – тест синовларининг илк кунида эрталабки смена ортда қолгач, ижтимоий тармоқларда иккита саволлар китобининг сурати пайдо бўлди. Давлат тест маркази тезкор реакция билдириб, суратлардан бирининг муаллифи телефон ишлатгани учун имтиҳондан четлатилгани, иккинчи сурат эса эски эканини маълум қилди.

Биринчи ҳолат

Давлат тест марказидан маълум қилишларича, кимё фанидан тест топшириқлари акс этган, лекин тест топшириқлари рақами кўринмаган тест топшириқлари китоби 8 август куни Фарғона вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдаланаётгани аниқланиб, далолатнома асосида тест синовларидан четлаштирилган.

Иккинчи ҳолат

Математика фанидан тест топшириқлари акс этган, лекин тест топшириқлари рақами кўринмаган тест топшириқлари китоби эса диагностик тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур тест топшириқлари китоби 8 август (бугун) куни ўтказилган ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тааллуқли эмас, дейилади хабарда.

“Айрим телеграм каналлар ёзганидек ҳеч қандай арча байрам бошлангани йўқ. Арча байрамни бузиб қўйганимиз учун “узр сўраймиз”. Абитуриент телефон олиб киришни уддаласа, Давлат тест маркази уларни аниқлаб, четлатишни уддалайди.

Марҳамат, сизлар турли расмларни телеграм каналларда эълон қилишда давом этаверинг, биз эса барчаси назоратда эканини кўрсатиб берамиз ҳамда жараёнлар шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаймиз”, – дея таъкидлаган Давлат тест маркази.

Аввалроқ марказ директори ўринбосари Сардор Ражабов Kun.uz'га берган интервюсида интернетда саволлар китобининг суратлари тарқалиши бўйича изоҳ берган эди. Унга кўра, саволлар китобининг рақамини яширилган бўлса ҳам, ҳар бир китоб индивидиуал тузилгани учун, ундаги саволларнинг кетма-кетлигига қараб китоб рақами ва у қачон, қаерда, қайси абитуриентга тушганини аниқлаш мумкин. Бу эса кузатув камераларининг ўша жой ва вақтдаги архивини қайта кўриш, шу орқали телефон олиб кирган абитуриетга чора кўриш имконини беради.

Мавзуга оид