Бош прокуратура хабарига кўра, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани Навкент маҳалласида жойлашган Ўрдатепа археология ёдгорлиги 0,03 гектар қисми фуқаро Ж.У. томонидан ҳамда 0,02 гектар қисми фуқаро А.Ю. томонидан махсус техника ёрдамида бузиб ташланган.

Хабарда қайд этилишича, археология ёдгорлигининг бузиб ташланган қисми ўрнига ўзбошимчалик билан уй-жой қурилган.

Оқибатда, тарихий ёдгорликка қарийб 72 млрд сўмлик жиддий зарар етказилгани аниқланди.

Текшириш натижасига кўра, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан олдин Наманганнинг Янгиқўрғон туманидаги Гаистонтепа археология ёдгорлиги жойлашган жой ноқонуний равишда фуқароларга далаҳовли қуриш учун ажратилгани, 80 млрд сўм жиддий зарар етказилгани хабар қилинганди.