Офиси Тошкент шаҳрида жойлашган «Rayona Qutlug‘» фирмаси уй ва автомобил олиб беришни ваъда қилиб, 300 нафарга яқин одамдан турли миқдордаги пулларни йиғиб олган, аммо белгиланган муддатда ваъдасини бажармаган. Xabar.uz’нинг ёзишича, 4 август куни молиявий пирамида асосчиларидан бири корхона ҳисобрақамидаги пулларни ечиб олиб, чет элга қочиб кетган.
Жабрланганувчилар автомобил учун ўртача 4-5 минг доллар, уй учун эса ўртача 15-17 минг доллар бошланғич тўлов тўлашгани, бундан оила аъзолари, турмуш ўртоқлари бехабар бўлганини маълум қилишган.
Акмал, жабрланувчи, Қашқадарё вилоятидан:
– «Rayona Qutlug‘» фирмаси ҳақида интернет орқали хабар топганман. Аввалига ишончсиздай туюлган эди, бироқ келиб кўрганимда бу ердагиларнинг мижозларга муомаласи, тўловларнинг банк орқали қилиниши ва айрим мижозларга берилаётган уй ва машиналар уларга бўлган ишончимни орттирди. Қолаверса, фирма хизматларини исломий шартларда таклиф қилгани ҳам уларга ишонишимга қайсидир маънода туртки бўлди.
Улар менга 4 йилдан бери ишлаётган фирма эканини айтишганди. Энди билишимизча, очилганига 8 ой бўлган экан. Ҳозир раҳбарларидан бири банкдаги пулларни ечиб, Озарбойжонга қочиб кетганмиш.
Мен 1 август куни уйга 10 йилга бўлиб тўлаш шарти билан бошланғич 120 миллион сўм тўлов қилганман.
Озода, жабрланувчи. Сурхондарё вилоятидан:
– Тўйга деб йиғиб юрган пулимизни олиб келиб бергандим. Фоизсиз, пениясиз дейишгани учун турмуш ўртоғимга совға бўлсин деб, ундан рухсатсиз шу ерга тўлов қилганман.
Бу ерга келганимда одамлар 20 минг долларлаб уйга тўлов қилаётганларини кўриб, ишониб қолдик. 5 нафар бўйи етган фарзандларим бор, уларнинг тўйлари учун йиғиб юрган пулларимга озроқ қарз кўтариб, жами 5 минг доллар тўлов қилгандим. Энди ҳаммасига куйиб ўтирибман.
Муқаддас, жабрланувчи. Тошкент шаҳридан:
– Биз ҳам интернет орқали хабар топгандик. Аввалига ишонмадик, аммо бу ердагилар шунақа муомала қилишди ва хизматлари ҳақида айтиб беришдики, оқибатда яшаб турган уйимизни сотиб, бошланғич тўлов – 90 кв.м майдонга эга хонадон учун 170 миллион сўмни тўлаган эдик. Уч нафар ўғлим бор. Турмуш ўртоғим билан келишиб, уйни кенгайтирмоқчи эдик. Улар истасак кўп қаватли уйлардан хонадон, истасак ҳовли-уй олишимиз мумкинлигини айтишди. Биз масаламиз осон ҳал бўлаётганидан, шундай ҳожатбарор кишилар бор, деб хурсанд бўлиб юраверибмиз...


















