Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида содир этилган дарахткушлик катта шов-шув келтириб чиқарди. Унинг сабаб ва оқибатлари ҳақида сайтимизда ҳам ёздик.

Афсуски, шу каби ва балки бундан баттар яна қанча-қанча ҳолатлар рўй берган, жамоатчилик хабар топмагани учун ёпди-ёпди қилиб юборилган – бу бизга қоронғи. Давлат экология қўмитаси, таъбир жоиз бўлса, Ҳолливуд фильмларидаги воқеалар тугаб бўлгандан кейин сирена ёқиб келадиган полициячиларга ўхшайди – воқеалар содир бўлиб, табиатга зиён етганидан сўнг пайдо бўлади ва жарима қўллайди.

Яхшиямки, жамоатчилик бор, оддий одамлар – жонкуярлар, эртамиз учун масъулиятни ҳис қиладиган аҳоли вакиллари бор. Ва биз журналистлар ҳам жамоатчилик вакили сифатида табиатга зарар етказилиши эҳтимоли бўлган жойларни эрта аниқлашимиз, зарар етказилган ҳолатларда биринчилардан бўлиб боришимиз ва вақтида оммага эълон қилишимиз зарур. Зеро, бу лойиҳалар, қурилишлар ва зиёнгарчиликлар бошида турган шаҳар ҳокимлиги кўплаб лойиҳаларни амалга ошираётганда жамоатчилик билан ҳисоблашмаслиги ойдек равшан бўлиб улгурди.

Пойтахтнинг энг сўлим гўшаларидан бири, шаҳарнинг саноқли қолган “ўпка”ларидан бири саналмиш Абдулла Қодирий кўчаси бўйлаб чўзилган сайилгоҳ – аллея неча йилларки шаҳар аҳолисининг севимли масканларидан. Халқ тилида бу ер “Ганга аллеяси” дейилади. Бу ерда нафақат ён-атрофда яшайдиганлар, балки бошқа туманлардан ҳам келиб, дам оладиганлар етарлича. Бу ерда пассив ҳордиқ чиқариш учун етарлича соясалқин ва кислород бор.

Ана шу қуюқ дарахтзор бўлмиш масканда тўсатдан реконструкция ишлари бошлаб юборилди ва бундан кўпчилик бехабар ҳам қолди. Биз ишлар қай тарзда кетаётгани, бу ерда қандай ишлар лойиҳалаштирилганини билиш ва энг асосийси, яна табиатга зарар етказиш ҳолатлари бўлмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун шу манзилга бордик.

Аллеядаги дарахтларнинг қуриган шохлари кесиб ташланиб, уларнинг ораси очилаётгани, ҳаво айланиши учун шароит яратилаётгани гувоҳи бўлдик. Тошкент шаҳар экология бошқармаси бош мутахассиси Даврон Одиловга кўра, дарахтларни буталаш ва шакл бериш ишлари назоратга олинган. Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари бошқармадаги агрономлар назорати остида бу ишларни амалга оширишмоқда. Одилов хиёбондаги 6104 туп дарахт ҳимояга олинганини айтди.