15:16 / 19.08.2022
19572

Ўзбекистонда маҳаллий арматуралар сифати текширилди. Улар белгиланган меъёрларга жавоб бермаган

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан маҳаллий арматура механик хусусиятлари ва кимёвий таркиби сифатини аниқлаш мақсадида экспертиза ўтказилди.

Фото: iStock

Синов учун қуйидаги намуналар харид қилинди:

  • А400 классидаги 12 мм диаметрли арматура намунаси “DIMAX sanoat-savdo ko’rgazma biznes markazi” МЧЖ (Тошкент шаҳри, Назарбек темир бозори) савдо мажмуасидан, “AKRIL металл прокати”га тегишли;
  • А400 классидаги 16 мм диаметрли арматура намунаси “METALL CENTER” МЧЖ (Тошкент шаҳри, “Изза” темир бозори) савдо мажмуасидан, “Wang Da Group” МЧЖ ҚКга тегишли;
  • А400 классидаги 12 мм диаметрли арматура намунаси, “Жўрабек Омад барака” МЧЖ (Тошкент шаҳри, Изза темир бозори) савдо мажмуасидан, “WANGDA METAL” МЧЖ ҚКга тегишли.

А400 классидаги 8 мм диаметрли арматура намунаси, “TECHNOBUSINESS LUX” МЧЖга қарашли савдо растасидан (Сирдарё вилояти), “BAO XIN METALL” МЧЖга тегишли.

Танланган синов намуналари аккредитациядан ўтган лаборатория мутахассислари томонидан “Темир-бетон конструкциялари учун арматура”, “Металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент учун, “Қурилишда ишлатиладиган қора металлардан металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги махсус техник регламент талабларига мувофиқлиги текширилди.

Кутилган таҳлил натижалари ачинарли бўлиб, стандарт талабларига номувофиқлигини кўрсатди. Металл прокати – арматура намуналари механик ҳамда кимёвий хоссалари белгиланган меъёрларга жавоб бермаган. Айниқса, кичик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган, қурилиш мақсадларида ишлатиладиган металл прокатида аниқланган камчиликлар кўплаб қурилиш сифати ва хавфсизлигига катта зарар етказаётгани айтилди. 

Агентлик хавфсизлик ва сифат талабларига жавоб бермайдиган арматураларни сотишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқиш учун Қурилиш вазирлигига, вазирлик ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекциясига тегишли маълумотларни юборди. 

Инспекция томонидан юқорида кўрсатилган талабларга жавоб бермайдиган металл буюмлардан қурилиш объектларида фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида буйруқ чиқарилди. 

Top