Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев қабулларига келган фуқаролар айвончада ўтирган ҳокимга рўпара бўлмоқда ва уларга суҳбат пайтида айвонча остонасидан жой бериляпти.

Ҳокимлик матбуот хизмати эълон қилган расмлардан кўринишича, ҳоким айвонда, қабулга келган фуқаролар эса айвоннинг ташқарисида ўтиргани бир нечта қабулларда кузатилган.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Хусусан, 6 август кунги қабулда ҳам туман ҳокими фуқаролар билан оралиқ масофани жуда катта сақлаганини кўриш мумкин. 20 августдаги ҳоким қабулида ҳам фуқароларга пойгакдан жой қилиб берилган.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. “Ўрта аср хонликлари даврини эслатмоқда” деб ёзди фойдаланувчилардан бири изоҳларда. “Ҳоким эмас, хон!” – деб ёзган бошқа бир фойдаланувчи.

Айрим фойдаланувчилар давлат раҳбари такрор-такрор амалдорларни халққа яқин бўлишга чақираётганини эслаб ўтган. Яна бошқалар эса буни ҳокимлар сайланмаганининг навбатдаги оқибати демоқда.

Кўплаб ҳудудлар ҳокимлари фуқаролар билан учрашув ва қабулларда юзма-юз ўтириб, улар билан яқин эканликларини ифода этаётган бир вақтда, Андижон туман ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг бундай йўл тутишини жамоатчилик танқидий кутиб олган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов / Фото: Ҳокимлик матбуот хизмати