Аслида табақалаштирилган тўлов-контракт суммасининг аниқ миқдорини ҳужжат топширилган ОТМдан билиш мумкин. Аммо керакли маълумотлар ёрдамида бўлажак талабанинг ўзи ҳам буни мустақил ҳисоблаш имкониятига эга.
Супер-контракт қандай ҳисобланади?
Супер-контракт ОТМ бакалавриат таълим йўналишларининг кундузги, сиртқи ва кечки шаклларида бор.
Абитуриентлар кундузги таълим шаклининг стипендиясиз тўлов-контракт суммасини (сиртқи ва кечкида стипендия йўқ) супер-контракт баробарига кўпайтириш орқали қанча тўлашларини ҳисоблаши мумкин. Баробарларни билиш учун эса супер-контрактнинг тоифасини аниқлаб олиш керак.
У 3 та тоифага бўлинган:
1-тоифага 4 баллгача етмай қолган абитуриентлар киради.
Бунда қуйидагича шкала қилинган:
- 1 баллгача етмаганлар базавий тўлов-контрактининг 1,5 баробарини;
- 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар 2,0 баробарини;
- 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар 2,5 баробарини;
- 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар эса 3,0 баробарини тўлайди.
Масалан, математика йўналишида 1,5 балл етмай қолди дейлик. Бундай вазиятда ўша абитуриент 2 баробар тўлайди. Жадвалга қарасак, математика йўналишида контракт нархи 6,412 610 сўм. Демак, математика йўналишига 1,5 балл етмай қолган абитуриент 12 млн 825 минг сўм супер-контракт тўлайди (2 х 6.412.610).
2-тоифадагилар кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмай қолган ва ўзи минимал ўтиш балли (56,7 балл)дан кўп балл тўплаганлар ҳисобланади.
Бундай абитуриентлар супер-контракт учун йўналишига қараб жадвалда кўрсатилган оддий контрактнинг минимум 8, 10, 12, 15, 17 ёки 25 баробарини тўлайди.
Масалан, иқтисод йўналишига кириш балли 150 балл бўлди дейлик. Абитуриент 70 балл тўплади. Демак, унга 4 баллдан ортиқ етмай қолган, ўзи ҳам 56,7 баллдан кўпроқ тўплаган. Иқтисод йўналишига минимум супер-контракт 10 баробар этиб белгиланган. Стипендиясиз оддий контракт нархи эса 9,129 930 сўм.


















