Бахтиёрлик индекси нима?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида ҳар йили бир неча омиллар асосида одамларнинг яшаш сифати ўрганилади. Давлатлардаги одамларнинг яшаш тарзи ҳақидаги мақолалар, аҳоли орасида ўтказилган сўровномалар йиғилиб, Дунё давлатлари бахтиёрлик индекси ҳисоботи тайёрланади.

Одатда ҳисоботда 150 давлатдаги жон бошига ялпи ички маҳсулот миқдори, ижтимоий ёрдам, яшаш танловларини қилишда шахсий эркинлик, соғлом ҳаёт давомийлиги, бағрикенглик ва коррупция даражаси ҳақидаги маълумотлар тўпланади. Шу мезонлар бўйича охирги 3 йилдаги ҳолат бўйича кўп сонли иштирокчилар орасида сўровномалар ўтказилиб, 0 дан 10 гача баҳоланади.

Охирги ҳисобот 2022 йил март ойида эълон қилинган бўлиб, унда одамларнинг COVID-19 пандемиясидан олдинги ва кейинги руҳий ҳолатлари ҳам ўрганилган.

5 йилдан бери Финландия – аҳолиси энг бахтли мамлакат

2022 йил март ойида эълон қилинган Дунё давлатлари бахтиёрлик индексига кўра, Финландия энг юқори кўрсаткичда турибди. Энг қизиғи, бу Финландиянинг қаторасига бешинчи йил дунёнинг энг бахтиёр мамлакати деб топилишидир. Шунингдек, бахтиёрлик индекси Скандинавия давлатларида дунёнинг бошқа давлатларига қараганда анча юқори.

Ҳисоботда одамларнинг ҳаётдаги мувозанат ва уйғунлик даражаси ҳам ўрганилган. Скандинавия давлатлари аҳолисининг кўпи ўзини мувозанатли ҳаёт кечираётганини маълум қилган. Бу кўрсаткич Финландия ва Малтада 90,4 фоиз чиққан. Бу ерда аҳолининг жисмоний ҳолатидан то иқтисодий ҳолатигача бўлган факторлар инобатга олинган.

Шунингдек, Скандинавия давлатлари пандемияни ҳам нисбатан яхши назоратда тута олган. Бу мамлакатларда 2020-2021 йилларда COVID-19’дан ҳар 100 000 кишининг 27 нафарида ўлим қайд этилган бўлса, бу – Ғарбий Европада 80 нафар бўлган.