Жамият | 14:45 / 05.09.2022
22848
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ЙҲХ бўлими олдида фуқаро ўзига “лезвия” билан тан жароҳати етказаётгани ҳолати бўйича муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида бир фуқаронинг (аёл) соғлиғи ёмонлашгани ва яна бир фуқаронинг ўзига тан жароҳати етказаётган ҳолати акс этган видеотасвир тарқалди. Фарғона вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати воқеага муносабат билдирди.

Фото: Видеодан кадр

Қайд этилишича, 2022 йил 1 сентябрь куни Қўқон шаҳар У.Носир кўчасида ЙПХ инспекторлари томонидан тўхтатилган “Матиз” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси психотроп модда таъсирида эканликда гумонланиб, тиббий текширувга таклиф этилган вақтда ҳайдовчи тиббий текширувдан бош тортганлиги сабаб ушбу ҳолат юзасидан ЙПХ инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни ушбу “Матиз” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси ва унинг онаси Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига келиб, ушбу маъмурий баённомага эътироз билдириб, транспорт воситасини жарима майдонидан чиқариб беришни сўрашган. 

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд органига кўриб чиқиш учун юборилиши ҳамда қонуний қарор қабул қилиниши тушунтирилганда ҳайдовчининг бундан жаҳли чиқиб, ўзига тан жароҳати етказган ва онасининг соғлиги ёмонлашган.

Ушбу фуқароларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

“Ҳозирда ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, – дейилади муносабатда.

Аввалроқ, Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан мастлик ҳолатини текшириш учун олиб кетилаётган фуқаро тўсатдан вафот этганлиги тўғрисида хабар берилган эди.

Абдували Қурбонов
Тайёрлаган Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид