Украина қўшинлари Харкив яқинида ҳужум қилишда давом этмоқда. Тасдиқланмаган, аммо ишончли маълумотларга кўра, улар Россия кучларининг йирик таянч пункти - Балаклия шаҳрини шимол ва жанубдан ўраб олишга муваффақ бўлган, энди ҳужум қилаётган илғор қисмлар оператив кенгликка чиқишган ва душманнинг Изюм атрофидаги бутун гуруҳи таъминотини кесиб қўйиш билан таҳдид солмоқда. Россия қўмондонлиги шошилинч тарзда хавфли йўналишларга мадад кучлари юбормоқда, аммо ўз ҳисоботларида фақат муваффақиятлар ҳақида гапирмоқда.

Украина қуролли кучлари Балаклия йўналишида ёппасига ҳужумга ўтгани ҳақида сешанба куни маълум бўлганди - Россия-Украина урушида аввал ҳам бўлганидек расмий манбалардан эмас, вазиятдан яхши хабардор бўлган манбалардан. Эътиборли жиҳати, украин нашрлари ҳам, россияпараст блогерлар ва пропагандачилар ҳам Харкивдан жануби-шарқда рўй бераётган воқеалар ҳақида деярли бир хил хабарлар тарқатишди.

Фарқли жиҳати фақат украин қўшинларининг ҳаракатланиш тезлиги ва нақадар чуқур кириб келганини баҳолашда кўринарди.

Дастлабки хулосалар

Харкив фронтидаги вазият ҳақида Украина томони ҳам, Россия бош штаби ҳам сукут сақламоқда.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович 6 сентябр куни «шаҳарлардан бирида» Россия қўшинлари учун ўта ёқимсиз вазият юзага келгани ҳақида қоғозга ўраб гапирганди.

Айни вақтда қуйидагича картина юзага келган: Украина қуролли кучлари бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда - Балаклиядан жанубда, шимолда ва ғарбда россияликлар мудофаасини ёриб ўтган - шаҳар ярим доира ичида қолган, шарққа чекиниш йўли зарба остида ушлаб турилибди.

Афтидан, украин бўлинмалари Балаклияни катта куч билан штурм қилиш учун вақт сарфлашни истамади. Россия қисмлари учун яна бир жиддий хавф - Балаклия шимолида, Волоҳив Ярда. Бу муҳим транспорт тугуни бўлиб, у орқали Россия қўшинлари назоратидаги Купянскдаги темирйўл станциясига трасса ўтади. У ердан эса трасса жанубга, Изюмга олиб боради. Бу ҳудудда, Изюмда Россиянинг йирик гуруҳи жойлашган бўлиб, унинг таъминоти Купянскдан етказиб бериш сақланиб қолишига боғлиқ.

Шунингдек, украин кучлари Шевчонково қишлоғи йўналишида шимоли-ғарбдан, Весёлое қишлоғи йўналишида жануби-ғарбдан зарба бериши мумкин - Украина армияси бу йўналишларда муваффақиятга эришса, анчагина йирик «котёл» ҳосил бўлади.

Россияпараст блогерлар нима дейишмоқда?