12:05 / 09.09.2022
15211

Тошқулов тиббиёт олийгоҳларига супер-контракт билан ўқишга кираётганлар ҳақида гапирди

Олий таълим вазирининг ишонтиришича, етарли билими йўқ бола супер-контракт билан ўқишга кириши мумкин, лекин битиролмайди. У кредит-модул тизими таълимдаги коррупцияни йўқота олишини даъво қилди ва жамоатчиликдан бунинг учун унга 1 йил вақт беришларини сўради. “Бу йил фақат сифатга ишланади. Натижалар бўлади. Эшитасиз ҳали, неча фоиз талаба битиролмади, шундан неча фоизи супер-контракт”, – деди Абдуқодир Тошқулов.

Фото: АОКА

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов кириш имтиҳонларида жуда паст балл тўплаган абитуриентлар ҳам тиббиёт ва архитектура олийгоҳларига супер-контракт асосида ўқишга кираётгани, бу эса хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Сиз нимагадир Ўзбекистон олий таълимига умуман ишонч билдирмаяпсиз. Сиз айтган Тиббиёт академиясида, тиббий олий таълим муассасаларида ўқиш кундан кунга қийинлашиб боряпти. Талаблар ортяпти. Хорижий таълим дастурларидан фойдаланиляпти. Ўқув режалар, ўқув дастурлар, кредит-модул...

Сиз айтган билимдаги бола супер-контрактни тўлаши мумкин, лекин битиролмайди.

Шунинг учун мен бугун ота-оналарга мурожаат қилдимки, болангиз эртага ўқиб кета олишига ишонсангиз, супер-контракт тўланг. Кредит модулда аввалгидай телефон қилиб, таниш-билиш қилиб болангизни курсдан курсга ўткизолмайсиз.

Мен сизга тўғрисини айтаман, мен вазирман, менга илтимос бўлса мен аралашмаяпман ҳам, аралашсам ҳам бир иш чиқмаслигига аминман. Кредит-модул тизими бўйича платформа билан ишлаяпти, бу ҳам аста-аста худди мана контрактга ўхшаб техниканинг қўлига бериляпти.

Бу жараёнларга бизга бир йил муддат беринглар. Таълим сифати бўйича. Мана бу йил бизга хос бўлмаган бутун ишларни муҳтарам президентимиз биздан олдиртириб бердилар, мана бу йил фақат сифат ва сифатга ишланади. Натижалар бўлади. Эшитасиз ҳали, неча фоиз талаба битиролмади, шундан неча фоизи супер-контракт”, – деди Тошқулов 9 сентябр кунги матбуот анжуманида.

Top