“Амалдорлар ҳаётдан узилиб қолган”

– Санжар, Танзила Норбоеванинг постига сиз ҳам муносабат билдирган эдингиз. Айни пайтда ижтимоий тармоқдан ўчириб юборилган постнинг нимаси ғайритабиий туюлди?

Санжар Саид, журналист ва Жамоатчилик билан алоқалар (PR) бўйича мутахассис:

– Ғайритабиий туюлган нарса – постдаги нотабиийлик ва воқеликдан, реалликдан узоқлик. Сабаби пост жудаям ҳиссиётларга берилиб, пафос билан ёзилган. Ёзгандимки, «дафтар-китоб кўтарган ўқувчи-ёшларни кўрдим», дебсиз, ҳозиргилар дафтар-китобни қўлда кўтариб юрмайди», дея матнга эътироз билдирган эдим.

Мен бу матнни ким ёзиб беришини билмайман, аммо у воқеликдан йироқ одам. Буни Норбоеванинг ўзи ёзган деб ҳисобламайман. PR билан шуғулланадиган мутахассислар буни ёзган. Бу ерда сиёсий эҳтиёткорлик бўлиши ҳам мумкин. Буни тез-тез кузатаман. Мисол учун, Сенат раисининг охирги постларидан бирида хотин-қизлар масаласига бағишланган халқаро тадбир иштирокчиларига президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттиргани ҳақида гап кетади.

Санжар Саид Фото: Facebook/Санжар Саид

Танзила Норбоева Ўзбекистондаги воқеликка бевосита таъсир ўтказа оладиган ва унинг оқимини буриб юборишга қодир бўлган муҳим амалдорлардан бири. Лекин Танзила Норбоеванинг жамоатчилик билан алоқалари ёки ижтимоий тармоқларда қолдираётган постлари асосан тадбир ва мажлисларнинг эълонларидан иборат.

– Яъни шахсий фикрлар эмас. Чет элдаги сиёсатчиларни кузатадиган бўлсак, асосан шахсий фикрини беради...

– Тўғри, хориждаги сиёсатчилар воқеа-ҳодисаларга муносабатини беради. Яъни одамлар энг кўп муҳокама қилаётган, эътироз билдираётган ёки шов-шув бўлган воқеа-ҳодисаларга муносабатини билдиради. Лекин Сенат раисининг саҳифаларида бу нарсани учратмайсиз. Авваллари яхшироқ ёритар ва халққа яқиндек кўринарди. 5 сентябрдаги постга қилинган эътирозлар матннинг тузилиши ёки жузъий камчиликларга эмас, балки нега шунча муаммо бўлиб туриб, бошқа нарсани ёритяпсан деган эътирозлардан иборат.