9 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг Mubadala вa TAQA компаниялари билан Қашқадарё вилоятидаги “Талимаржон” ИЭСга инвестициялар киритишни назарда тутувчи битим имзоланган.
Инвестициялар вазирлиги хабарига кўра, битим доирасида “Талимаржон” иссиқлик электр станциясини бошқарадиган қўшма корхона ташкил этилади. БАА компаниялари қўшма корхонанинг 300 миллион долларлик устав капиталидаги 80 фоиз улуши учун тўлов ҳамда илгари “Талимаржон” ИЭС АЖ томонидан жалб қилинган тахминан 700 млн долларлик кредитларни тўлашга йўналтириладиган маблағларни инвестиция сифатида киритиши керак.
Умумий ҳисобда эса Mubadala вa TAQA компанияларининг деярли 1 миллиард доллар сармоя киритиши кўзда тутилган.
TAQA компаниясининг расмий саҳифасида ёзилишича, БААнинг ҳар иккала компанияси қўшма корхонанинг 40 фоиздан улушига эга бўлган. Қолган 20 фоиз улушга эса “Талимаржон” ИЭС АЖ эгалик қилади. Келишув 2023 йилнинг иккинчи ярмида якунланиши белгиланган.
Талимаржон ИЭСни хусусийлаштириш жараёни бошландими?
Davletov.uz Теlegram-канали муаллифи Қобил Хидиров Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг расмий ахборотида қўшма корхона ташкил этилиши ҳақида хабар берилган бўлса-да, тақдим қилинган суратлардаги орқа фонда “хусусийлаштириш маросими” деб ёзилганига эътибор қаратди.
“Қанақадир тушунарсиз. Нега хусусийлаштириш жараёни бошлангани ёки бўлиб ўтгани ҳақида аниқ-тиниқ айтилмаяпти? “Талимаржон” хусусийлаштирилиши ҳақида олдин ҳам гапирилган. “Талимаржон” ИЭС АЖдаги давлат улуши ҳам қўшма корхонадаги улушлар бўйича тақсимланадими? Қўшма корхонанинг вазифаси нимадан иборат? Бошқарув компанияси кабими ёки тасарруф этадими? Бу давлат хусусийлаштириш дастури доирасида юз беряптими? Алалоқибат, жайдаричасига айтганда, қанчага хусусийлаштирилмоқда? Бизнингча, битим шартлари ҳақида батафсилроқ ахборот берилиши керак”, дея бир қанча саволларни ўртага ташлаган блогер.
“Ангрен” ва “Янги Ангрен” ИЭСлар тақдири такрорланмайдими?
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, яқин ўтмишдаги муҳим энергоактивларни ишончли бошқарувга бериш бўйича “аччиқ ва аянчли тажриба” ҳисобга олиниши керак.















