Kun.uz мухбири ШҲТнинг Самарқанд саммити борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, сиёсий фанлар номзоди Элдор Арипов билан суҳбатлашди.

– Охирги ҳафталарда жамоатчилик, ОАВнинг диққат-эътибори Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитига қаратилди. Бу воқеа жаҳон сиёсий янгиликларининг энг юқори поғонасида турибди. Сизнингча, тадбирга бўлган умидлар оқландими?

– Aлбатта, Самарқанд саммити барча умидларни оқлади. Ўзбекистон раислиги даврида амалга оширилган улкан ва машаққатли ишлар муносиб якунланди.

Назаримда, Самарқанддаги саммит ШҲТ доирасида ўтказилган энг йирик ва энг нуфузли сиёсий тадбирга айланди.

ШҲТ тарихида илк бор саммитда 14 та давлат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Шарқий, Жанубий ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Каспий денгизи минтақаси давлатлари раҳбарларини бир майдонга тўплади.

Улар дўстона муҳитда "юзма-юз" мулоқот қилиш имконига эга бўлишди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий шароитда умумий дастурхон атрофида суҳбат ўтказаётган суратини ҳамма кўрган бўлса керак. Ўйлайманки, бу сурат саммит бўлиб ўтган ишончли кайфият ва муҳитни жуда яққол акс эттирди.

Саммит арафасида унинг натижалари қандай бўлиши ҳақида жуда кўп турли тахминлар бор эди.

Баъзи экспертлар учрашув шунчаки расмий, одатий руҳда ўтади, деб таъкидлаган эди.

Бошқалар эса, аксинча, ўсиб бораётган глобал қарама-қаршилик шароитида ШҲТнинг янги ролини башорат қилишди. Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти дунёда янги бўлиниш чизиқлари ва блокларини шакллантириш жараёнида иштирок этиши башорат қилинган эди.

Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, бу нуқтаи назарларнинг ҳеч бири ўзини оқламади.

Самарқанд саммити ШҲТ нафақат энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлиб қолаётганини, балки ўзининг асосий тамойиллари – блокдан ташқари мақом, учинчи давлатларга қарши турмаслик, очиқлик, консенсус, ишонч, ўзаро манфаатдорлик, тенглик ва ўзаро ҳурматга содиқлигини яна бир бор намойиш этди.

Ўзбекистон президентининг ШҲТ “тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим”лиги ҳақидаги мурожаати ҳам ўз тасдиғини топди.