Зариф Ибрагимов 28 ёшда; Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. У математика йўналиши бўйича бакалавр босқичини Ўзбекистонда, магистратурани эса Германиянинг Кил университетида ўқиган. Айни вақт Швейцариянинг Берн университетида PhD ёқламоқда.

Зариф докторонтурада таҳсил олиш билан бирга, университетда ўқитувчи ёрдамчиси (“teaching assistant) бўлиб ҳам ишлайди. Қаҳрамонимиз сифатли мактаб таълимида нималар муҳим экани, хориж тажрибаси ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

Унинг таъкидлашича, таълимдаги сифат даражаси 2 та энг асосий омилга боғлиқ. Биринчиси ота-она ва оиладаги муҳит бўлса, иккинчиси мактаб ва ундаги таълим бериш сифати ҳисобланади. Қуйида Ибрагимовнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

Ота-оналар болани илк ёшиданоқ таълимга муносабатини шакллантириши керак

Чунки ота-она боланинг тарбияси ва таълимга бўлган муносабати билан шуғулланиши мумкин, лекин берилаётган таълим сифати ёки боланинг билим даражасига масъул бўлолмайди.

Бу нарса ҳақида Европа ва бошқа ривожланган давлатлар, мисол учун, Япония тарафларда жуда кўп бош қотиришади. Болани тарбиялаш, ўқитиш борасида алоҳида изланишлар, илмий ишлар олиб борилади. Шуларнинг кўпчилигидан хулоса қилиб айтиш мумкинки, турли машғулотлар орқали боладаги таълимга бўлган муносабатни ижобий шакллантириб олиш керак.

Яъни бу ерда жудаям ёш болаларга маълум бир фанни ўргатиш керак эмас, лекин боланинг қобилиятини оширадиган, унинг миясини тез фикрлашга ўргатадиган ва шунинг натижасида уларни таълим олишга ҳам қизиқтирадиган машғулотлар бор, шулар билан банд қилиб қўйиш керак. Чунки бола миясининг ишлаш қобилияти деган нарса бор, бу қанча эрта очилса, маълум ёшга етганда, фанларни ўзлаштириш бошланганда ўзининг натижасини кўрсатади.

Жамиятимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, 2-3 ёшли болаларнинг қобилиятларини бизда жуда ҳам паст баҳолашади. Бу ёшдаги болалар уйда ўзи билан ўзи овора бўлиб турса ёки боғчага бориб турса бўлди. Бунинг устига ўзбек ота-оналаримизга боланинг ўқиши кўп ҳолатларда ўқишга киришига 2 ёки 3 йил вақт қолганда қизиқ бўлиб қолади. Умумий ўртача айтганда, энг камида 7-8-синфларда таълимга эътибор қаратишади. Унгача эса “индама” деган гап бор.

Агарда бизда ҳам ота-оналаримиз фарзандларининг илк ёшиданоқ қобилиятини ривожлантириш учун турли ишлар билан банд қилиб қўйишса, фикримча, жуда яхши ва идеал иш бўлар эди.