Ушбу мақсад учун танланган астероид «Диморф» деб номланади ва сайёрамиздан 11 млн километр узоқликда жойлашган.

NASA’дагилар таъкидлашича, ҳозирда «Диморф»нинг орбитаси ерники билан кесишмайди ва тўқнашув уни сайёрамиз томонга йўналтирмайди.

Тўқнашув Гринвич вақти билан соат 23:14 га (Тошкент вақти билан 4:14) мўлжалланган. Жараённи телескоплар кузатиб боради.

Ерни астероид билан тўқнашувдан жасур космонавтлар ва ядровий каллаклар ёрдамида қандай ҳимоя қилишни Ҳолливуд батафсил ҳикоя қилиб берган. Аммо буни аслида қандай амалга ошириш мумкин?

NASA мана шуни аниқламоқчи. Ғоя астероидга космик зонд билан зарба беришдан иборат.

Само жисми орбитасини ўзгартириш ва Ер билан тўқнашувининг олдини олиш учун унинг тезлиги ва ҳаракат йўналишини салгина ўзгартириш етарли. 

«Астероидни қайта йўналтиришнинг қўшалоқ тести» (Double Asteroid Redirection Test, DART) миссияси оғирлиги 570 килоли қурилмани диаметри қарийб 160 метр ва тезлиги соатига 20 минг километрдан ортиқ бўлган «Диморф»га йўналтириб бу назарияни текшириб кўради.

Зарба «Дидим» деб номланувчи йирикроқ астероид атрофида айланаётган ушбу астероиднинг орбитасини ўзгартириши керак.

Ҳажмлар таққоси

«Диморф»га зарба бериш осон бўлмайди. DART нишонни кенглиги 780 метр бўлган «Дидим»дан тўқнашувга бир соатча қолганидагина фарқлай олиши мумкин. 

Сўнгра навигацион дастурий таъминот космик кемани нишонга аниқ йўналтириш учун унинг траекториясини тўғрилайди. 

«Ёруғлик тезлиги ва улкан масофа сабабли кемани Ердан туриб жойстик орқали бошқариш шунчаки имконсиз. Учувчига ҳаракатланиш учун вақт етишмайди. Биз космик кема олган тасвирлардан аниқ нишонни ажратиб берувчи дастурий таъминот ишлаб чиқишимизга тўғри келди», - дейди NASA’нинг DART дастури иштирокчиси доктор Том Статлер.

«Диморф»га яқинлашиш жараёнида DART Ерга сониясига биттадан тасвир жўнатади. Тўқнашувдан сўнг тасвир узатиш тўхтайди, аммо олимлар зарба оқибатларини кузатишни давом эттиришади.