Жаҳон | 17:16 / 05.10.2022
12351
4 дақиқада ўқилади

Тадқиқот: Россияда 213 мингдан ортиқ киши сафарбар қилинди

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 300 минг кишини босқичма-босқич сафарбар қилиш ваъдасига қарамай, бу кўрсаткичга деярли икки ҳафта ичида эришилган. 

Фото: Reuters

«Важные истории» нашри ва Conflict Intelligence Team (CIT) тергов гуруҳи таҳлилчиларининг очиқ маълумотларига кўра, Россияда икки ҳафталик сафарбарлик даврида 53 минтақадан камида 213,2 минг киши чақирилди. Тадқиқот чоршанба, 5 октябрь куни чоп этилди.

Сафарбарликка чақирилганларнинг умумий сони Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу илгари эълон қилганидан кўп бўлган. Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик бошланганидан бери Россия қуролли кучларига 200 мингдан ортиқ одам келган. Айни пайтда, тадқиқотчилар ҳисоблаган 213 минг кишидан ташқари, 32 та ҳудудда чақирилганлар сони ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, деб ёзади «Важные истории». Ҳисоблаш учун улар маҳаллий ҳокимиятларнинг расмий маълумотларидан, ОАВ хабарларидан ва ҳарбий комиссарларнинг ҳисоботларидан фойдаланган.

Турли ҳудудларда сафарбарлик жараёни нотекис кетяпти, дейди тадқиқотчилар. Энг юқори кўрсаткич Красноярск ўлкасида қайд этилган бўлиб, у ерда 28 минг киши ёки минтақадаги захирадагиларнинг деярли 5,5 фоизи урушга жўнатилган. Шу билан бирга, Сергей Шойгу сафарбарлик «ресурсларнинг бир фоизи ёки 1,1 фоизига» таъсир қилишини ваъда қилганди. 

Ўртача кўрсаткич Бурятияда ҳам ошди, бу ерда захираларнинг 3,7 фоизи, Доғистонда - 2,6 фоиз ва Қалмоғистонда - 2,2 фоизни ташкил этди. «Биз чақирилувчи захиралар улуши ва минтақанинг қашшоқлиги ўртасидаги боғлиқликни кўрмоқдамиз. Бундай ҳудудларда яқинда хизмат қилган шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар кўп бўлиши керак. Кўпинча бундай ҳудудларда армия камсонли иш берувчилардан бири, шунингдек, ижтимоий лифт ҳисобланади», дея тушунтирди CIT таҳлилчилари. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, 26 та ҳудуддан 23 тасида, Шойгу томонидан эълон қилинган захирадагилар улушидан кўпроқ одамларнинг даромади бутун умумроссия даражасидан паст. 

Шу билан бирга, сафарбарлик доирасида энг кўп захирадагилар урушга юборилган ҳудудлар аллақачон урушдан энг кўп зарар кўрди. Мисол учун, Украинада тасдиқланган уруш қурбонлари сони бўйича Доғистон биринчи ўринда, Бурятия эса иккинчи ўринда. 

«Верстка» нашри президент маъмурияти ва минтақалар раҳбариятига яқин манбаларга таяниб, ҳудудларда сафарбар этилганларнинг фоизи норозилик кайфиятига боғлиқлигини таъкидлади: улар қанчалик баланд бўлса, минтақадан урушга камроқ чақирилади. 

Сафарбарлик бошланишида Сергей Шойгу 300 минг киши босқичма-босқич чақирилишини айтган эди, икки ҳафта ўтиб эса 200 мингдан ортиқ одам сафарбар қилинганини даъво қилмоқда, деб ёзади «Важные истории». CIT таҳлилчиларига кўра, расмийлар ваъда қилган 300 минг киши фронтга юборилганда ҳам сафарбарлик тўхтамайди. 

«Биз улар бир вақтнинг ўзида 300 мингнинг ҳаммасини чақиришга ҳаракат қилишаётганини кўрмоқдамиз. Улар уни бир нечта тўлқинлар бўйлаб чўзиши, секин тўлдириши мумкин эди, лекин бундай бўлмади. Биринчи тўлқинда чақирилганлар орасидаги йўқотишларни қоплаш учун кейинги сафарбарлик талаб қилиниши мумкин», дейди тадқиқотчилар.

Таҳлилчилар, оммавий ахборот воситалари томонидан манбаларга таяниб айтилган 1 млн кишилик сафарбарлик, уруш тугагунига қадар расмийлар чақиришни режалаштираётганлар сони эканини истисно қилмаяпти. «Эҳтимол, бу 300 минг ҳозир чақирилар, қолганлари эса секин-аста ишга солинади, чунки йўқотишлар юз беради. Ҳар ҳолда, сафарбарлик 300 минг билан чекланишига ишонмаймиз», - дея хулоса қилган CIT экспертлари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид