Ўзбекистон | 12:00 / 13.10.2022
33921
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилмоқчи бўлган 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлди

30 август куни республика божхоначилари Тошкент халқаро аэропортида 57 дона тимсоҳ болалари ҳамда 10 дона буқаламунларни ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларни фош қилган эди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ҳолатга ойдинлик киритилгунига қадар ушбу ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган. 

Ижтимоий тармоқларда айрим савдо белгиларини тарғиб қилишда ёввойи ҳайвонлардан, хусусан тимсоҳ болаларидан фойдаланилгани сабабли жамоатчиликда ушлаб қолинган тимсоҳ болалари бегона қўлларга чиқиб кетгани юзасидан шубҳа-гумонлар юзага келгани туфайли Давлат божхона қўмитаси Тошкент ҳайвонот боғида бўлиб, жониворлар ҳолати билан қизиқди. 

Тимсоҳчалар ҳайвонот боғи экспозициясида ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Ёввойи табиатдан ажратиб олингани сабабли тимсоҳ болалари барчаси ҳам бирдек хонаки шароитга мослашмаган, айримлари мустақил равишда озиқлана олмаяпти. 

Ҳамон махсус карантинда сақланаётган буқаламунлар аҳволи ҳам яхши эмас. Улар қутида мевалар орасида олиб келингани сабабли парвоз вақтида мевалар ичида сиқилиб қолиб, жиддий шикаст еган.  

Ҳозирга келиб 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлган. Улар утилизацияга қадар махсус музлаткичда сақланмоқда. 

Ўзбекистон фаунасида Нил тимсоҳлари ва Яман буқаламунлари учрамаслиги сабабли улар мамлакат Қизил китобида учрамайди. Аммо, Халқаро қизил китобга киритилган. 

Шу сабабли ҳам йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан Халқаро савдо қилиш конвенциясига мувофиқ ушбу жонзотларни республикага олиб киришда CITES махсус рухсатномаси талаб этилади. Экология қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, бундай рухсатнома олиш учун мурожаат келиб тушмаган. 

Жониворлар кейинги тақдири суд ҳукмига биноан ҳал бўлади. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодекси бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Мавзуга оид