«Афсуски, ҳарбий комиссариат Коркино ҳарбий комиссарлигидан юборилган беш нафар жанубий ураллик ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Ҳалок бўлган аскарларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига барча зарур ёрдамни кўрсатамиз», — дейилади област маъмурияти матбуот хизмати баёнотида.

Челябинск области маъмурияти қурбонларнинг қариндошларига федерал тўловлардан ташқари ҳар бирига бир миллион рублдан маблағ ажратишга ҳам ваъда берган.

Сентябр ойи охиридан бери сафарбар қилинган ўнлаб россияликлар жанговар ҳудудларга етиб бормасданоқ ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Фронтдаги сафарбар қилинганларнинг ўлими ҳақидаги илк хабарлар эса шу ҳафта бошида пайдо бўла бошлади, бироқ ҳукумат уларга изоҳ бермади.

10 октябр куни «Вечерний Карпинск» нашри сентябр ойи охирида сафарбар қилинган Карпинск (Свердловск области) шаҳри аҳолисининг уч вакили Херсон яқинида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

«It’s My City» нашри эса Свердловск областининг Краснотуринск шаҳридан бўлган, 28 сентябр куни сафарбар қилинган Евгений Бизяевнинг ўлими ҳақида ёзди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков 12 октябр куни урушга сафарбар қилинган россиялик биринчи адвокат, петербурглик Андрей Никифоров Украинада ҳалок бўлганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, адвокат 25 сентябр куни сафарбар қилинган ва Лисичанск шаҳри (Луҳанск области, ҳозирда Россия қўшинлари назорати остида) яқинида ҳалок бўлган.

Сафарбар қилинган россияликлар ўлими сабаблари номаълум. 29 сентябр куни Россия Мудофаа вазирлиги тайёргарликдан ўтмаган аскарларни фронтга жўнатмасликка ваъда берган эди.

BBC муҳаррири Илья Абишев нега сафарбар қилинганлар бунчалик тез фронтга юборилаётганига изоҳ берди:

«Захирадан чақирилган ҳарбий хизматчилар зудлик билан жанговар ҳудудга жўнатилаётганининг икки асосий сабаби бор:

Украинада жанг қилаётган Россия қўшинлари жиддий шахсий таркиб етишмовчилигига дуч келмоқда. Бу кенг миқёсли жанговар ҳаракатларни амалга ошириш учун бошиданоқ етарли тирик кучлар тўпланмагани ва кўрилган йўқотишлар: ҳалок бўлганлар, ярадорлар, касаллар, маҳбуслар ва дезертирлар билан боғлиқ.

Кўплаб бўлинмаларнинг штатлари меъёрдан анча кам ва Украина армияси ташаббусга эга бўлган шароитда Россия қўмондонлиги захирадагиларни тайёрлаш учун кўп вақт сарфлай олмайди. Шу сабаб баъзида улар сафарбар қилинганларни хавфли йўналишларга дарҳол ташлаши керак бўлмоқда.