Ўзбекистон | 12:54 / 14.10.2022
4061
3 дақиқада ўқилади

ЮНИCЕФ қизлар имкониятини кенгайтириш лойиҳаларига инвестицияни кўпайтиришга чақирди

Халқаро қизлар куни 10 йиллиги муносабати билан Бирлашган миллатлар ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ) илм-фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) кўникмаларини ривожлантириш орқали қизлар етакчилик роллари ва имкониятларини кенгайтиришга инвестицияларни кўпайтириш юзасидан мурожаат билан чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Марказий Осиёда авлоддан авлодга ўтиб келаётган салбий меъёрлар ва гендер стереотиплари туфайли қизлар STEM ва ахборот технологиялари (АТ) соҳаларида ўқишда кам иштирок этяпти.

- STEM соҳасида гендер тафовутини камайтириш ва қизлар етакчилиги ҳамда имкониятларини кенгайтиришга сармоя киритиш жуда муҳим, - деди ЮНИCЕФ Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. - Рақамли технологиялар билан қамраб олишдаги тафовутни қисқартириш қизлар учун имкониятларни кенгайтиради. Улар рақамли иқтисодиётда иштирок этиш, молиявий саводхонликни ва ўзини ўзи таъминлашни яхшилаш учун зарур бўлган кўникмаларни ўрганадилар. Бу келажакда инсон капиталини оширади ҳамда Ўзбекистон ривожланишига ҳисса қўшади.

Ўзбекистонда бандлик, таълим ёки профессионал ўқитиш билан қамраб олинмаган (NEET) инсонлар орасида қизлар ва ёш аёллар кўпчиликни ташкил этиб, бу уларни ижтимоий четланишга кўпроқ мойил қилади. Мажбурий ўрта таълимни тугатгандан сўнг, 19-24 ёшдаги аҳоли 56 фоизи NEET ҳисобланади. Ёш аёллар учун NEET даражаси улар 18 ёшга тўлгандан кейин ва мажбурий ўрта таълимни тамомлаганларидан кейин тез ўсади. 

Бундан ташқари, қизлар ва ўғил болалар ўртасида компьютер саводхонлиги, интернетга кириш ва ундан фойдаланиш бўйича сезиларли фарқлар сақланиб қолмоқда. Ёшлар ўртасида интернетдан фойдаланмаслик асосий сабаблари алоқа ёмонлиги, ўз алоқа воситаларига эга бўлмаслик, интернет нархи юқорилигидир. Қизлар ва ёш аёллар учун ижтимоий стигма туфайли интернетга кириш ҳам қийин. Илм-фан, технология, муҳандислик ва математика соҳаларида ёш аёллар кам экани улар ишга жойлашиш имкониятларини камайтиради.

Ногиронлиги бўлган қизлар таълим олмаслик хавфи остида ва рақамли платформалардан хавфсиз равишда фойдаланиш учун минимал рақамли саводхонликка эга эмас, келажакда таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларидан чекланган. Ногиронлиги бўлган ёшлар орасида NEET даражаси 77 фоизни, ўта оғир ногиронлар орасида эса 91 фоизни ташкил этади.

Мавзуга оид