Бугунги кунда давлат ташкилотларига хос бўлиб қолган бир машғулот тури бор: бу чидаб бўлмас даражада кўп ўтказиладиган йиғилиш, мажлис, видеоселекторлар. Гоҳида масъуллар уззукун шу иш билан банд бўлишаётгандек туйилади. Kun.uz Тошкент вилояти ҳокимлиги мисолида вазиятни таҳлил қилди.
Октябрдаги 15 кунлик тадбирлар рўйхатида дастлабки видеоселектор йиғилиши 3 октябр соат 17:00да (1) вилоят ҳокимлиги биносида ўтказилгани қайд этилган. Унда ҳоким ўринбосарлари, сектор ва турли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, вилоятда “маҳаллабай” тизимида ишлашни йўлга қўйиш ҳамда Оққўрғон, Тошкент ҳамда Чиноз туманларида ўтган сайёр қабуллардаги мурожаатлар ижросини муҳокама қилишган.


Қизиғи, тадбирлар рўйхатидан ўрин олган ва 5 октябр куни соат 9:00да (2) бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ҳам худди шу мавзуга бағишланганини кўриш мумкин.

Шунингдек, 4 октябр куни соат 9:30да (3) барча вазирлик, идора, ташкилотлар, хусусан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари шошилинч тарзда Вазирлар Маҳкамасига йиғилишга чақирилган. Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш, дарахтларни экиш, парваришлаш ҳамда 2022–2023 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинган.





Худди шу куни соат 11:00да Вазирлар Маҳкамасида 4 та (4) масала бўйича видеоселектор йиғилиши ташкил этилган. Ундаги мавзу “Яшил макон” умуммиллий дастурини татбиқ қилиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ижроси ҳамда 2022 йилги ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастури ижросига бағишланган.




























