Яқиндагина Зангиота тумани Назарбек шаҳарчасида яшовчиларни қийнаётган йўл муаммоси ҳақида репортаж эълон қилган эдик. Афсуски, ҳудуд аҳолиси таълим ташкилотларининг аҳволидан ҳам шикоят қилмоқда. Гап шундаки, 11 октябр куни Найман маҳалласидаги 23-сонли боғчанинг деворлари чўкиб, бир аҳволга келган.

Ҳолатни ўрганиш мақсадида боғчага бордик ва мудира Наргиза Магдиева билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, бу мактабгача таълим ташкилоти 2021 йил 13 сентябр куни фойдаланишга топширилган. Лекин топширилганига атиги 1 йил бўлган бўлса-да, аҳвол шундай… Деворлар чўкиб, юқори қисмлари ёрилиб ётибди.

23-сонли боғча, Зангиота тумани, Назарбек ҚФЙ, Найман маҳалласи

“12 октябр куни эрталаб ишга келганимизда шундай ҳолат юз берган экан. Бу деворнинг таги шиббаланмаган (трамбовка қилинмаган), сув кетгани учун деворлар чўккан деб айтишмоқда. Бир кунда содир бўлди ҳаммаси, 11 октябр куни кечаси соат 6 да кетаётганимизда барча нарсалар жойида эди.

Эртаси куни бу ҳолат бўлиб турибди, ҳозир ҳамшира хонаси, идиш-товоқ ювадиган хона ва омборхона деворлари чўккан.

Девор чўкканини кўргач, ўша куни болаларни 1 кун қабул қилмадик. Қурувчини чақирдик, келиб кўрди. 12 октябр куни эрталабдан ишчи ходимларини олиб келиб, тўғрилаб беришни бошлашди.

Юқори ташкилотлардан ҳам келиб кўришди, айланма йўлларимиз борлиги учун девор чўккан ҳудуддаги эшикларни ёпиб, болаларни ўша айланма йўллар орқали хоналарга олиб чиқяпмиз. Мажбуран болаларни қабул қиляпмиз”, – дейди боғча мудираси.

Наргиза Магдиева, 23-сонли МТТ мудираси

Шунингдек, унинг таъкидлашича, шу вақтгача боғчада бундай носозликлар кузатилмаган. Кичик камчиликлар тезда бартараф этилган. 23-сонли боғча 100 дан ошиқ болани қабул қилиш қувватига эга, аммо айни вақт қурилиш ишлари олиб борилаётгани учун 80-90 нафар бола қабул қилинмоқда.