Бугун, 17 октябр оқшомида Тошкент атмосфера ҳавосининг ифлослангани бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 1-ўринни эгаллади. Бу борадаги онлайн индексни IQAir порталида кўриш мумкин.

“Ўзгидромет” станциялари қайд этиб борувчи кўрсаткичларга асосланувчи IQAir порталига кўра, соат 20:30 атрофида Тошкент ҳавосида майда PM-2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 212 мкг/м3ни ташкил этган бу “жуда зарарли” таснифидаги кўрсаткич бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан 42,4 баробарга кўпдир.

ЖССТга кўра, ҳаво ифлосланиши кўрсаткичлари орасида саломатлик учун энг катта хавф туғдирадигани айнан PM-2,5 дисперс зарраларидир.

IQAir сайтидан скриншот
Дунёдаги йирик шаҳарларнинг ҳаво сифати бўйича IQAir рейтинги

“Ўзгидромет” соат 17:15 да эълон қилган огоҳлантиришида соат 18:00 дан 23:00 гача Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси майда чанг заррачалари билан ифлосланиши кучайишини маълум қилган, бунга узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг бўлмагани ва ҳаво ҳароратининг инверсияси сабаблигини қайд этганди.

Синоптиклар Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига кучли ҳаво ифлосланиши шароити учун қуйидаги тавсияларни берди:

  1. Имкони борича, уйдан чиқмасликка ҳаракат қилиш керак.
  2. Кўчада бўлганда, албатта тиббий ниқоб тақиш ва уни ҳар бир соатда алмаштириш лозим.
  3. Нафас қайтиши, бурун битиши, акса уриш, тумов, кўзлар қизариши ва қичишиши, томоқда қаттиқ қичишиш, йўтал пайдо бўлганда зудлик билан аллерголог шифокорга мурожаат қилиш лозим.
  4. Тузли эритмада бурун ва томоқни чайиш, ойналарни ёпиқ ҳолатда сақлаш, ойналар олдида ҳўл сочиқларни ёйиб қўйиш тавсия этилади.