16:27 / 18.10.2022
46354

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасига бориб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси билан танишди.

“Тошкент – азим пойтахтимиз, мамлакатимизнинг энг катта шаҳри. 5 йилда инвестицияга, тадбиркорларга шароит яратдик, янги уйлар, замонавий иншоотлар қурилди. Бу ҳам керак. Энди келажакни ўйлаб, стратегияни аниқ белгилаб олмасак, 10 йилдан кейин шаҳарда яшаш қийин бўлиб кетади. Қўшимча босимни инфратузилма кўтармайди. Энди хато қилишга ҳақимиз йўқ. Халқ учун яратилиши керак бўлган қулайликларни ҳисобга олиб, лойиҳани 50 йил олдин тўғри қилмасак, шаҳарнинг архитектураси ҳам, иқтисодиёти ҳам, экологияси ҳам бўлмайди”, – деди президент.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг ҳудуди 43 минг гектар, аҳоли сони 3 миллионга яқинлашган. Инфратузилма тармоқларига юклама ортган. Транспортлар ҳам кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда. Чанг, тутун экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, президент пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида қилиш вазифасини қўйган эди. Хусусан, ўтган йили “Янги Ўзбекистон” боғининг очилиш маросимида ҳамда тошкентлик сайловчилар билан учрашувда бу борада концепция тайёрланаётгани айтилган эди.

“ТошкентбошпланЛИТИ” корхонасида чет эллик (айнан қайси мамлакат ва компания мутахассислари экани очиқланмади) ва маҳаллий лойиҳачилар 2 йил давомида ишлашди. Аҳолининг ўсиши, транспорт ва муҳандислик тармоқлари, иқлим ўзгаришлари таҳлил қилиниб, шу асосида транспорт тугунлари ва аҳоли пунктларини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Шавкат Мирзиёевга шу стратегия ҳақида ахборот берилди.

Расмий хабарга кўра, стратегияда қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

  • Тошкент шаҳри кадастри рақамлаштирилиб, ҳудудларнинг тоифаси очиқ-ошкора қайд этиб қўйилади. Аҳоли ўз маҳалласи ёки тадбиркорлар бизнес очмоқчи бўлган ерининг қандай ҳудудда жойлашганини интернет орқали бемалол кўриши мумкин бўлади.
  • Тирбандлик муаммосини ҳал этиш учун жамоат транспорти қулайлаштирилади. Бунинг учун аҳоли уйидан 15 дақиқа пиёда юрадиган масофада бекат бўлиши талаб этилади. Шунингдек, “Park and ride” тамойили асосида, шаҳар чеккаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, жамоат транспорти бекатлари билан боғланади.
  • Биноларга ижтимоий талаблар белгиланади. Масалан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилади.

Янги Тошкент

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси “Янги Тошкент” концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.

Шундан келиб чиқиб, истиқболли ривожланиш ва қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган.

Яшил ҳудудлар – 7 минг гектардан 25 минг гектарга

Маълум қилинишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдонлар бор ва пойтахтдаги яшил ҳудудларни келгусида 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган. Катта ҳалқа йўли атрофида “яшил камар” яратиш, шаҳардан ўтган каналлар бўйида тематик боғлар ташкил этиш кўзда тутилган.

“Шаҳарни ривожлантириш бўйича бу стратагеямизни дунёдаги етук мутахассислар ҳам маъқуллади. Энди ҳар бир жой бўйича халқ фикрини олиб, ақл билан, сифатли қуриш керак. Бу янги шаҳар халқимизга муносиб, иқлимимизга мос, замонавий бўлиши зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу улкан лойиҳага ёш мутахассисларни жалб этиб, тажрибасини шакллантириш, туман ва шаҳарлар архитектурасини мутаносиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Шу боис Самарқанд, Бухоро, Қўқон, Наманган каби бошқа шаҳарларда ҳам лойиҳалаштириш марказлари очиш бўйича кўрсатма берилди.

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейини реконструкция қилиш, Сурхондарё вилояти Денов тумани марказининг архитектура қиёфасини замонавийлаштириш лойиҳалари ҳам тақдимот қилинди.

Top