Херсон аҳолини Днепрнинг ўнг соҳилидан чап соҳилига эвакуация қилиш бошланди. Бу жараён украинлар армиясининг қарши ҳужуми фонида ва Россиянинг Украинадаги қўшинлари қўмондони Сергей Суровикиннинг Херсон бўйича «нооддий қарорлар» қабул қилиниши истисно этилмаслиги фонида йўлга қўйилди.
Херсон областининг босқинчилар томонидан тайинланган ҳукумати ҳам чап соҳилга кўчиб ўтмоқда, ҳукумат эвакуацияни «тартибли кўчириш» деб атади. Бу бир неча ўн минг аҳолини қамраб олади.
«Биз тахминан 50-60 минг кишини чап соҳилга олиб ўтишни режалаштирганмиз, ундан кейин эса ким истаса Россия Федерациясининг бошқа регионларига кетиши мумкин», деди Херсон областининг Россия томонидан тайинланган раҳбари Владимир Сальдо. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки кунда беш мингдан ортиқ киши Херсонни тарк этган.
«Чап соҳилда одамлар маълум муддат қолиши мумкин бўлган жойлар ҳозирланган. Чунки улар ҳали ҳам бу вақтинчалик деб ҳисоблайдилар. Биз барчамиз бу вақтинчалик эканига ишонамиз - ҳарбийларимиз олдида турган ҳарбий вазифаларни бажариш даври», дея қўшимча қилган у «Соловьев.Live» шоуси эфирида.
Бундан олдинроқ Херсон области «маъмурияти раҳбари ўринбосари» Кирилл Стремоусов Украинанинг янги ҳужуми бошланганини эълон қилганди. «Украина қуролли кучлари Херсон областининг Новая Каменка – Берислав йўналиши бўйича ҳужумга ўтди. <…> 128-тоғ-штурмчи бригадасининг икки батальони ва 17-бригаданинг танк батальони», деди у.
«Тез орада Херсон учун жанг бошланади. Тинч аҳолига кераксиз хавф-хатарга дучор бўлмаслик учун, иложи бўлса, яқинлашиб келаётган шафқатсиз жанговар ҳаракатлар ҳудудидан кетиш тавсия этилади», дея қўшимча қилди у ва аҳолидан унинг сўзларини жиддий қабул қилишни сўради.
Сальдонинг талқинига кўра, одамлар сув тошқини хавфи туфайли олиб кетилмоқда, бу Кахова ГЭСга зарба берилган тақдирда рўй бериши мумкин, шунингдек, мудофаа истеҳкомлари тиклаш зарурати ҳам тинч аҳоли вакиллари кетишини талаб этади.
Октябр ойи бошида украин қисмлари россияликларнинг Днепрнинг ўнг соҳилидаги мудофаасини ёриб ўтган ҳамда Берислав йўналишида ва Кахова ГЭС томон ҳаракатлана бошлаганди. Натижада Херсонда жойлаштирилган Россия қўшинлари қуршовга тушиши хавфи реаллашган.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк эвакуация ҳақидаги хабарларни файласуфларча изоҳлади: «Херсон аннексия қилингани ҳақида дабдаба билан эълон қилинганига, Қизил майдондаги тантанали концертга ва «гойда» қичқириқларига бир ой ҳам бўлмасдан ўзини ўзи «шаҳар маъмурияти» деб эълон қилганлар… Украина судидан қочиб, тантанали равишда эвакуация қилмоқда. Агар сиз хаёлот дунёсида яшасангиз, реаллик оғриқли бўлиши мумкин».






















