18 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди. Президентга тақдим қилинган “Ҳаёт лабораторияси” номини олган лойиҳа кўпчиликда қизиқиш уйғотгани баробарида турли саволларни ҳам келтириб чиқарди. Янги Тошкент учун нега айнан шимолий ҳудудлар танлаб олинган? Энди Тошкентда қурилишлар, “снос”лар бўлмайдими? Маҳаллалар тақдири нима бўлади? Умуман, келажак Тошкенти қандай бўлади? Kun.uz ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида “Тошкентбошпланлити” ДУКда бўлиб, бу борада масъуллардан изоҳ олди.

“Ҳаёт лабораторияси” Фото: Kun.uz

Янги Тошкент учун нега айнан Чирчиқ ва Қорасув дарёлари ўртасидаги ҳудуд танланди?

У жойлар – президентимиз танлаган жой. Янги Тошкент пойтахтнинг шимолий қисмида жойлашган. Шимолий қисмдаги Қибрай ва Чирчиқ туманлари анча ривожланиб кетган. Ҳам манзарали, ҳам баҳаво. Ғарбий қисм эса чегарамизда (таҳр. Қозоғистон Республикаси чегараси назарда тутилмоқда). Жанубий-ғарбий қисми эса бошқа вилоятларга боғланадиган йўл”, - дея саволга изоҳ берди “Тошкентбошпланлити” ДУК, шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича бош директор ўринбосари Саидазим Шарипов.

“Тошкентбошпланлити” ДУК, шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича бош директор ўринбосари Саидазим Шарипов Фото: Kun.uz

Масъул айнан келажакда қуриладиган ушбу манзарали қисмдаги 20 минг гектар майдонда “Яшил коридор” ташкил қилиниши ва бу ҳудуд Янги Тошкентнинг маъмурий маркази бўлишига урғу берди. Унинг келтиришича, бу маъмурий марказда маданий ва технологик марказлар, университетлар, эксполар барпо этилиб, дунё миқёсида ўтказиладиган ҳар хил тадбирлар учун шароитлар яратилади. Ҳозирда қурилиши бошланган Олимпия шаҳарчаси бунга мисол қилиб келтирилди.

“Маъмурий марказ” Фото: Kun.uz