Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри сўнгги 60 йил ичида 5 марта номи ўзгариб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Бу ҳақда The Economist нашри хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг пойтахти 2019 йилда мамлакатнинг биринчи президенти Назарбоев шарафига Нурсултон деб аталганди. Шаҳар яқиндан бошлаб яна Остона (Астана) деб атала бошлади.

Тошкент минтақада номини сақлаган ягона пойтахт

Сўнгги бир аср ичида Марказий Осиё давлатлари ичида Тошкент шаҳридан бошқа Марказий Осиёдаги пойтахтларнинг барчасининг номлари бир неча бор ўзгарган экан.

Масалан, 1830 йилда асос солинган ва 1997 йилнинг 10 декабридан Қозоғистон пойтахти дея эълон қилинган Остона шаҳрининг энг дастлабки номи 1961 йилгача Акмолинск бўлган. Шаҳар 1992 йилгача Целиноград деб аталган. 1998 йилгача Ақмўла деб номланган. 2019 йилгача — Астана. 2022 йилгача — Нурсултон.

Остона шаҳри. Фото: kartinki24.ru

Тожикистон пойтахти — 1676 йилда асос солинган Душанбе шаҳри 1929 йилгача шундай аталган. Бироқ 1929–1961 йиллар оралиғида Сталинобод деб юритилган. 1961 йилдан буён яна Душанбе. Тожикистондаги иккинчи йирик шаҳар — эрамиздан аввалги VII–VI асрларда асос солинган, қадимда Кирополис, Эсхата номлари билан тарихга кирган Хўжанд шаҳри эса 1936 йилдан 1991 йилгача Ленинобод деб аталган.

Душанбе шаҳри. Фото: tourweek.ru

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига 1823 йилда асос солинган. 1926 йилгача Пишпек деб аталган. 1991 йилгача эса шаҳарнинг номи Фрунзе бўлган.