17:10 / 26.10.2022
5008

Олдин беморга бергудек дори йўқ эди, энди халқимиз талаб қилган тиббий хизмат кўрсатиш вақти келди – Шавкат Мирзиёев

Бугун, 26 октябр куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасалари фаолияти билан яқиндан танишди ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказмоқда.  

Фото: Президент матбуот хизмати

“Бугун кўтариладиган барча масалалар бўйича ҳокимларнинг вазифаси қандай бўлиши керак, Президент сифатида мен яна нималарни ҳал қилиб беришим лозим, деган саволлар бўйича ҳам сизлар билан атрофлича гаплашиб оламиз.

Тиббиёт соҳасидаги энг устувор вазифаларимиздан бири, бу – малакали тиббий хизматларнинг ҳар бир хонадонга кириб боришини таъминлашдан иборат.

Жумладан, жорий йилда янги 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, мингта маҳалла тиббиёт пунктининг ташкил этилгани ҳам, ана шу мақсад йўлидаги амалий ишлардир. 

Бу орқали, 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди. Энг катта масала – пастга тушиб, профилактика билан шуғулланиш керак. Бунга ҳаммамиз масъул ва жавобгардир.

Ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида, илғор хорижий тажрибалар асосида, аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилди.
“Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 3 минг 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди.

Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. Бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми эса, ўтган йилга нисбатан 3 баравар оширилди (188 миллиард сўмдан 540 миллиард сўмга). Бу чакана рақам эмас. Олдин беморга бергудек дори ҳам йўқ эди. Энди сизларга шароит яратяпмиз. Халқимиз талаб қилган хизмат кўрсатиш вақти келди”, – давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top