«Новая газета. Европа» нашри Мордовиядаги 17-сонли ахлоқ тузатиш колониясидаги маҳбусларининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди, улар сентябрь ойи охирида Евгений Пригожиннинг «Вагнер» ХҲК таркибида Украинадаги урушга жўнатилган. Ушбу муассасадан жами юздан ортиқ киши фронтга кетган бўлса, уларнинг ярми Ўзбекистон, Тожикистон, Молдова, Сербия ва Миср, шунингдек, Украина фуқароларидир. 

Мордовиядаги колониядан урушга жалб қилинган деярли барча хорижликлар гиёҳванд моддаларни сотишда айбланиб, 7 йилдан 16 йилгача кучайтирилган режимли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.  

Мисол учун, Ўзбекистоннинг икки фуқароси – тошкентлик Бахтиёр Қувондиқов ва қорақалпоғистонлик Қуролбек Қўчқоров Москва шаҳри ва вилоятида героин «закладка»си билан шуғулланишган. 

Қўчқоров колонияда олти ойдан камроқ вақт ўтказган, Люберци шаҳар суди ўз ҳукмини 15 март куни эълон қилган эди. Шунингдек, март ойида яна бир ўзбекистонлик Исломбек Собиров ҳам жазога маҳкум қилинди. У ҳам «Вагнер» томонидан ёлланган. 

Ўзбекистон фуқароларидан Азамат Зулунов ва Сардор Зокиров ҳам «гиёҳвандлик» моддаси бўйича 2021 йил бошида қамалган эди. Улар ҳам урушга жўнатилган. 

Шунингдек, героин сотгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилган Насимхон Мавлонов ва Москва яқинидаги Егоревск шаҳри суди томонидан 7 йилга озодликдан маҳрум этилган Сарваржон Маманиёзов ҳам «Вагнер» таркибига жалб қилинган. 

Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлардан ташқари, қотиллар ҳам Мордовия колониясидан Украинага юборилган. 

Масалан, ёлланганлардан бирининг исми ва шахсий маълумотлари қотилликда айбланган Россия фуқароси Юнус Селимовники билан мос келади. Суд ҳукмига кўра, у ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириб, шериклари билан жабрланувчининг квартирасига кириб, унга пневматик тўппонча ўқталиб, уни калтаклаб, ўрмонга олиб бориб, тириклайин кўмиб юборишган. 

«Вагнер» таркибида Украинага кетган яна бир маҳбус Юрий Свиридов украиналик ҳомиладор аёлни зўрлаб, ўлдиргани учун 2019 йилда 13 йилга қамалган. У «Луганск Халқ Республикаси халқ милицияси» таркибида аёл билан бирга хизмат қилган ва тўппончаси билан бошининг орқа қисмидан отиб ташлаган.