– Ўзбекистонда аёл бўлиб туғилишнинг осон ва қийин томони нимада?
– Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Оила ва хотин қизлар қўмитаси президентимиз томонидан жамиятда аёл мавқейини янги босқичга олиб чиқиш учун тузилди. Жойларда оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар фаолиятини юзага чиқариш бўйича жуда катта амалий ҳаракатлар учун асос яратилди. Инсон Ватанни танлай олмайди. Шахсан ўзим Ўзбекистонда аёл бўлиб туғилганимдан афсусланмайман. Ҳавас қилса арзийдиган тарихнинг давомчилари бўлиб яшашни бахт деб биламан. Қайси юртда бўлишидан қатъий назар, аёл деган буюк номни шаънини сақлаш, оилада аёлнинг ўрнини белгилаш ва шунга муносиб бўлиш аёлларимизнинг бўйнидаги энг қийин вазифа деб биламан.

– Ўзбекистонда кўп йиллар давомида Хотин-қизлар қўмитаси фаолият юритди. Кейинчалик Маҳалла вазирлиги ташкил этилди. Яқинда ўзингиз айтганингиз каби Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди. Бунга сиз раҳбарлик қилиб келяпсиз? Бу тизимда нега бунча кўп ўзгаришлар бўлганини изоҳлаб берсангиз? Ўз вақтида бу ташкилотга Элмира Боситхонова, Танзила Норбоева раҳбарлик қилган. Уларнинг хатолари нимадан иборат бўлди-ю, сиз келганингиздан кейин бу тизимда нималар ўзгарди?
– Мустақилликнинг илк йилларидан оилаларга ва хотин-қизларга эътибор бериш бошланган. 1995 йилда хотин-қизлар қўмиталари тузилди ва уларнинг раҳбарлари ҳоким ўринбосарларига тенглаштирилди, вазир ўринбосари лавозимлари жорий этилди. Жуда катта амалий ишлар олиб борилди. Лекин ҳамма даврда ҳам ўша даврга оид сиёсат юритилган. Кейинги даврларда ҳам бу жараён тўхтаб қолгани йўқ ва ҳозирда ҳам белгилаб берилган 100 та мақсадда аёлларнинг мавқейини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ режаси тузиб чиқилган. Биз ҳам ана шу мақсад асосида ўзимиз учун вазифаларни белгилаб олганмиз. Биздан аввалги раҳбар аёллар ҳам ўша давр руҳи ва ўша давр мақсад-вазифалари асосида жуда ҳам яхши ишларни амалга оширишган. Аммо бугун ўзгаришлар катта. Нафақат бизда, балки дунё миқёсида ҳам жараёнларга муносабатларнинг ортиб бориши яққол кўзга ташланмоқда.
– Ҳар бир даврнинг ўз руҳи бўлиши табиий. Аммо шакл ўзгариши билан тизимда нималар ўзгаради?
– Биринчидан, дастлабки йилларда аёлларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш, уларнинг раҳбарлик лавозимларида фаолият юритишини таъминлаш ҳақида жуда кам ўйланган. Тўғри, у йилларда ҳам дастурлар бўлган ва амалий ишлар олиб борилган. Лекин муаммоларни ўша даврларда очиқ айта олмасдик. Сўнгги 5-6 йилда муаммоларни айтишни ўргандик, уларни ҳал этиш борасида ҳуқуқий ечимларимиз бор. Тизимдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсам, бугун ташкилот жамоат ташкилоти сифатида эмас, балки давлат қўмитаси сифатида фаолият олиб бормоқда. Маҳаллаларда ҳам хотин-қизлар фаоллари иш олиб бормоқда. Илгари мурожаат қилган аёлларгагина ёрдам берилган. Ҳозир эса бу ишлар хонадонбай тарзида олиб борилмоқда.
















