Ўзбекистон | 12:14 / 14.11.2022
26232
2 дақиқада ўқилади

Магистратура қишки қабулида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар сертификати борлар ҳужжат топшириши мумкин

Магистратурага киролмаганларга фақат шу йил учун истисно тариқасида қўшимча имконият берилди.

2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасалари магистратурасига декабрь-январь ойларидаги танловда истисно тариқасида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар (С1 ёки Б2 сертификатидан ташқари бошқа даражадаги) сертификатга эга талабгорлар ҳам иштирок этишига рухсат этилди.

Ўқишга қабул қилинган талабалар ўқиши давомида талаб этилганидек миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатни қўлга киритиши лозим. Акс ҳолда якуний давлат аттестациясига рухсат этилмайди.

Танловда иштирок этиш истагини билдирганларга 2022 йил 20 декабрдан 2023 йил 10 январга қадар (шу куни ҳам) magistr.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.

Танлов натижалари бакалавриат дипломнинг ўртача баллари асосида аниқланади.

Президентнинг тегишли қарорига кўра абитуриент филология йўналишлари бўйича камида С1, нофилологик йўналишлари бўйича эса Б2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш талаби белгиланган.

Маълумот ўрнида, магистратура босқичи учун танлов йилда бир марта амалга оширилар эди. 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб тил сертификати талаби киритилиши муносабати билан истисно тариқасида қабул жараёни икки марта амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид