Унинг айтишича, бош режага ўтишдан олдин пойтахтдаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш зарур.

Тошкент бош режаси – «тепа»дан тушиб қолган буйруқдек

Муаммо кўп… Масалан, одамлар кўп вафот этаётгани, экология жуда ёмон аҳволга келиб қолгани, айниқса «тиғиз вақт»ларда автомобил ойнасини туширсангиз, жуда заҳарли ҳаводан нафас оласиз. Катта юк машиналари ортидан ҳам шундай заҳарли газлар чиқади, лекин бу нарсалар бировни қизиқтирмайди. Агар шаҳар тўғри қурилган бўлса, одамларнинг касалликка чалиниши ҳам жуда кам бўлади, бунинг ортидан экофауна ҳам ривожланади. Шаҳримиз фақат автомобилга мослаб қурилгани ёки дарахтларни бемалол ҳеч қандай қаршиликларсиз кесиб ташлашаётгани, шаҳарда одамларнинг қадри йўқлиги, биринчи ўринга шахсий транспорт қўйилгани оқибатида шу муаммолар юзага келяпти.

Шаҳар бош режаси инсонлар учун қилинадиган лойиҳа ҳисобланади. Чунки ундан одамлар фаровон яшаши мақсад қилинади. Ҳозир ишлаб чиқилаётган бош режа билан унча таниш эмасман, мен ҳам янгиликлар орқали бохабар бўлдим.

Тушунишимча, бош режани ишлаб чиқиш учун кам вақт берилган, жамоатчилик фикри етарли даражада ўрганилмаган, «генплан»ни ҳеч қандай танловларсиз шаҳарсоз, иқтисодчи, экологлардан иборат жамоа билан эмас, балки шунчаки тепадан тушиб қолган буйруқдек тузишяпти. Чунки айни вақт «эски Тошкент»ни оладиган бўлсак, у ерда турган муаммолар ечимини топмай туриб, шу лойиҳани амалга ошираётгандек таассурот уйғотишмоқда.

Мисол учун, бир томонимизни сув босаётган бўлса, яна бир томонимизда чанг кўтарилиб, 500 метрдан узоқни кўролмайдиган туман пайдо бўляпти. Шунингдек, йилига 2 мингга яқин одамлар ўлиб кетишмоқда. Умуман Ўзбекистон миқёсида ҳам деярли «генплан» йўқлиги, экология бузилиши оқибатида кўпчилик уйини тарк этиб, Тошкентга интилишга мажбур бўлишяпти. Оқибатда эса пойтахтда ҳам муаммолар ечилмаётгани, келаётган хавфлар ҳисобига ҳали олдинда бошкентнинг ўзида ҳам экологик мигрантлар кўпайиши ҳеч гап эмас.

Ҳозир Тошкентнинг ўзидаги муаммоларини ечиш, менимча тўғри бўлар эди. Биз эса бу муаммоларни унутган ҳолда четга чиқаётганга ўхшаяпмиз.

Пойтахтда расман 3 млнга яқин аҳоли қайд этилган бўлса, бу ҳудудда етарлича кенг жойлар бор. Шу сабабли ҳали ҳудуд жиҳатдан кенгайишга вақтли эди, деб ўйлайман. Чунки кўриладиган кўплаб масалалар, қайта ишлаб чиқиладиган инфратузилмалар мавжуд. Қурилиш ишларимизнинг сифати ҳали яхши эмас, бу кетишда кенгаядиган жойларимизни ҳам абгор аҳволга солишимиз мумкин.