Швеция: «Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2»даги портлашлар диверсия бўлган
«Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларидаги портлашлар «жиддий диверсия» ҳаракатларидир, деб хабар берди палата прокурори, дастлабки терговга раҳбарлик қилувчи Матс Юнгквист.
«Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларидаги портлашлар «жиддий диверсия» ҳаракатларидир. Палата прокурори, Швециядаги дастлабки терговга раҳбарлик қилувчи Матс Юнгквист шундай хулосага келди, деб хабар берди 18 ноябрь, жума куни мамлакат прокуратураси.
«Текширув давомида Болтиқ денгизидаги жиноят жойида кенг кўламли материаллар мусодара қилинди, қўпорувчилик содир этилган ҳудудга тегишли ҳужжатлар пухталик билан йиғилди», — дейилади прокуратура хабарида. Таҳлиллар топилган бир қанча бегона жисмларда портловчи моддалар изи борлигини кўрсатди, дея қўшимча қилди идора.
«Ҳодиса юзасидан ишончлироқ хулосалар чиқариш учун чуқур таҳлил ишлари давом этмоқда», — деди Матс Юнгквист. Дастлабки тергов - жуда мураккаб ва катта ҳажмли. У эҳтимолий гумондорлар борлигини кўрсатади, дея қайд этди прокуратура. «Швеция ва бошқа мамлакатлар расмийлари билан ҳамкорлик жуда яхши йўлга қўйилган», деди Юнгквист. У жараён тинч ва ортиқча эътиборни жалб қилмасдан давом этиши кераклигини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, алоҳида пресс-релизда айтилишича, Юнгквист ва унинг Швеция миллий хавфсизлик прокуратурасидаги ҳамкасби Пер Линдквист икки эркак кишини Россия фойдасига катта ҳажмдаги жосусликда айблаган. Улардан бири, шунингдек, махфий маълумотларга «жиддий нотўғри муносабатда бўлиш»да айбланмоқда.
Айблов хулосасида акс эттирилган маълумотларнинг аксарияти махфийдир, шунинг учун прокурорларнинг терговга изоҳ бериш имконияти чекланган бўлади, деди прокуратура. Гап «Швеция разведкаси ва хавфсизлик тизимига қарши ўта оғир жиноятлар» ҳақида кетяпти, деб тушунтирди идора. «Агар олинган маълумотлар чет элга узатилса, ошкор қилинса ёки уларга етиб борса, бу Швеция хавфсизлигига зарар етказиши мумкин», деди Пер Линдквист.
Айбланувчилар 2021 йил сентябр ва ноябр ойларидан бери ҳибсда сақланмоқда.
Wired нашрининг 11 ноябрь, жума куни SpaceKnow компанияси таҳлилига таяниб хабар берганидек, «Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларида сизиб чиқишдан бир неча кун олдин қувурлар ўтган жойлардан уч миль узоқликда транспондерлари ўчирилган иккита номаълум кема пайдо бўлган.
Таҳлилларга кўра, ҳар бир кеманинг узунлиги 95 метрдан 130 метргача бўлган. SpaceKnow раҳбари Жерри Жаворницкининг таъкидлашича, уларда кузатув датчиклари ўчирилган, бу «улар ўзларининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни дунёдан яширишга ҳаракат қилишганини билдиради». Биз бир нечта сунъий йўлдошлардан олинган суратларни таҳлил қилиб, кемалар ҳақида маълумот тўплашга муваффақ бўлинган.
SpaceKnow кемаларни топиши биланоқ, ўз хулосаларини «Шимолий оқимлар»даги портлашларни тергов қилаётган НАТО расмийларига маълум қилган. Жаворницкининг сўзларига кўра, альянс вакиллари компаниядан уларга қўшимча маълумот беришни сўраган.
Болтиқ денгизида 26 сентябр куни «Шимолий оқим-1»нинг иккала тармоғида ва «Шимолий оқим-2»нинг бир тармоғида газ сизиб чиқиши кузатилди. ШО-1 тармоқларидан бирида чуқурлиги беш метргача бўлган иккита «техноген чуқурлик» топилган.
Европа Иттифоқи «Шимолий оқим» газ қувурлари тизими қасддан шикастланган деб ҳисоблаяпти.
Мавзуга оид
22:14 / 19.11.2024
Швеция прокуратураси Болтиқ денгизи тубидан ўтган кабелларга шикаст етказилишини қўпорувчилик деб баҳолади
22:40 / 05.11.2024
Мудофаа «яшил энергетика»га қарши: Швеция 13 та шамол генератори қурилишига рухсат бермади
21:59 / 02.11.2024
Швецияда ноқонуний мигрантларга қарши кураш кучайтирилади
08:00 / 16.10.2024