Музангалу Ньиренда бу ёш йигитнинг бегона мамлакатдаги урушда ҳалок бўлиши жуда кўп саволларни туғдиришини айтади - биринчи навбатда, нега унга уни ёллашгани ва урушга жўнатишгани ҳақида оиласини хабардор қилиш имкониятини беришмагани ва унинг ёлланиши қанчалик ихтиёрий бўлгани борасидаги саволларни.
Душанба куни Замбия ТИВ раҳбари Стэнли Какубо ушбу мамлакатнинг Россияда озодликдан маҳрум этилгн фуқароси Украинадаги урушда ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу Россия томонидан Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар учун ёлланган хорижлик ўлими билан боғлиқ илк маълум ҳолатдир. Замбия ташқи сиёсий идораси раҳбарининг сўзларига кўра, Ньиренда 22 сентябр куни Украинадаги «жанг майдонида» ҳалок бўлган. Унинг танаси Ростовда бўлиб турибди ва Замбияга жўнатилади.
Какубонинг сўзларига кўра, Замбия ўз фуқаросининг урушга жўнатилгани ва ҳалок бўлгани юзасидан Россия томонидан изоҳ талаб қилган.
«Биз ҳали кўп нарсани билмаймиз. Масалан, нима учун Замбия ҳукуматига унинг урушга жўнатилиши ҳақида ҳеч нарса маълум бўлмаган? Уни у ерга юборган одамлар бизга нафрат билан муносабатда бўлишди, у улар учун ҳеч ким эмасди, улар ундан шунчаки фойдаланишди. Биз қандай қилиб уни ёллашгани ва бу ҳақда оиласи хабардор қилинмаганини билишни истаймиз. Балки уни қўрқитишгандир ёки мажбур қилишгандир?», дейди BBC билан суҳбатда Музангалу Ньиренда.
У Россияга қандай қилиб бориб қолган?
Лемехани университет ўқитувчилари оиласида туғилган ва тўрт нафар фарзанднинг энг кичиги бўлган.
Музангалу Ньиренданинг айтишича, унинг укаси 2019 йилда Россия ва Замбия ўртасидаги келишув доирасида давлат стипендиясини олган ва ядровий иншоотларни лойиҳалаш асосларини ўрганиш учун Россияга йўл олган. У Москва муҳандислик-физика институтида (МИФИ) таҳсил олган.

Опасининг сўзларига кўра, Ньиренда курьер сифатида ишлаган - 2020 йилда уни гиёҳванд моддалар солинган жўнатма билан қўлга олишган.
«Биз у етказиб берилиши керак бўлган пакетларда нима бўлганини билмаганига аминмиз. У бизга бу ҳақда билмаганини айтган. Унга хабар жўнатишган, унда жўнатмани қаердан олиш ва қаерга жўнатиш кераклиги ёзилган. Аммо уни йўлда полиция тўхтатган, уни тинтишган ва жўнатмада гиёҳванд модда топишган. У онлайн-курьер бўлиб ишлашини ва жўнатмада нима борлигидан бехабар бўлганини айтган, аммо уни ҳибсга олишган», дея изоҳлайди у.










