Украина ҳукумати россияликларнинг Одесса, Днепр ва Харкив областларидаги инфратузилма объектларига навбатдаги ракета зарбалари ҳақида хабар берди. «Нафтогаз Украина» мамлакат шарқида газ қазиб олиш объектлари вайрон бўлгани ва шикастланганини маълум қилди. Днепрда отишмалар оқибатида 23 киши жабрланган, турар жой биноси шикастланган. Запорижжя области Вольнянск шаҳрида ракета зарбасидан етти киши ҳалок бўлди. Ҳаагадаги суд россиялик Игор Гиркин ва Сергей Дубинский, шунингдек украиналик Леонид Харченкони 2014 йилда Донбассдаги «боинг» ҳалокати иши бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Брянск областида икки киши автомобилда кетаётиб, Украина билан чегара яқинида минага тушиб портлаб кетди, уларнинг бири ҳалок бўлган. Украина ИИВ раҳбари ўринбосари Денис Монастирский Херсон областида россиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган 63 киши жасади аниқланганини маълум қилди. Донецк, Миколайив, Харкив ва Херсон областларининг озод этилган ҳудудларида Украина полицияси истило вақти ҳалок бўлган мингга яқин тинч аҳоли вакиллари жасадларини аниқлаган. 

Қуйида 17 ноябр, урушнинг 267-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Украина Хорижий легиони Херсондаги олдинги чизиқда

Днепрнинг ўнг соҳилидаги Херсонда украинлар позициясидаги мерган. Украина Хорижий легиони 2022 йил февралида Володимир Зеленский буйруғи билан Украина қуролли кучлари ҳудудий мудофаа қисмлари доирасида тузилганди. Урушнинг илк кунларида легион сафига дунёнинг 52 мамлакатидан 20 мингга яқин киши ёзилди.
Chris McGrath / Getty Images
Херсондаги Хорижий легион жангчилари россияликларнинг Днепрнинг чап соҳилидаги позицияларини ўққа тутишга тайёрланмоқда. Легион сафида АҚШ, Буюк Британия, Полша, Болтиқбўйи давлатлари, Канада, Норвегия, Финландия ва Даниядан келганлар кўпчиликни ташкил этади. Легион Россия ва Беларус фуқароларини қабул қилмайди, Украина қуролли кучларига кўра, россияликлардан мурожаат жуда кўп.
Chris McGrath / Getty Images