16:25 / 19.11.2022
15327

Божхоначилар аэропортда тимсоҳ, игуана ва питон ноқонуний олиб кирилишига чек қўйди

Амалдаги тартибларга биноан, ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистонга олиб кириш экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.

2022 йил 16 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида божхона ходимлари Мисрдан учиб келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш давомида, “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган аёлнинг безовталаниши ва шубҳали хатти-ҳаракатларига эътибор қаратади.

Унга тегишли багаж назорат-рентген ускунаси  ҳамда эндоскоп орқали кўздан кечирилганида, юклар орасидаги 2 та ширинлик қутиси экранлардаги тасвири шубҳаларни тасдиқлади. Қутиларда ёввойи ҳайвонлар бор, деган тахмин илгари сурилди.

Ҳайвонларга озор бериб қўймаслик ва божхона ходимлари ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аэропортга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари таклиф этилиб, улар томонидан қутилар очилди.

Биринчи қути ичида оғзи бойланган 1 бош Нил тимсоҳи боласи ва 3 бош игуана, иккинчи қутида эса тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб 3 бош питон болалари борлиги фош бўлди. 

Жониворларни олиб ўтишга уринган шахс буни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига олиб ўтаётганини маълум қилди. 

Жониворлар Тошкент ҳайвонот боғига келтирилди. Дастлаб жониворлар вазни, узунлигига доир маълумотлар қайд этилди. Улар ҳолати кўздан кечирилди. Иссиқ иқлим шароитларига мослашган жониворлар самолёт ҳарорат паст даражада бўладиган юкхонасида ва ўта зич жойлашган қутилар ичида келтирилгани сабабли аҳволи қониқарсиз деб баҳоланди. Илонлар ва игуаналардан айримлари таналари замбуруғлар билан касалланган.

Жониворлар ҳозирда карантинда, мутахассислар доимий назорати ва парвариши остида сақланмоқда. Мазкур ҳолатда олиб қўйилган ноёб жониворлар баҳоси дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда тахминан 77 млн сўмдан ошмоқда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

 

Top